09 November 2011
15:41 - Қрим-татарлари ҳали ҳам боши берк кўчада, Мустафо Жамил ўғли лидерликдан яна чекинмоқчи
Бундан икки йил аввалги хабарларимизда қрим-татарлари ўз олдига қўйган мақсадларига эриша олмаётганлари, уларнинг кўп йиллик лидери Мустафа Жамил ўғли янги стратегиялар таклиф қила олмаётгани ҳақида ёзгандик. Ўша кунларда ҳам Мустафа Жамил ўғли Қрим-татарлари мажлисининг раислигидан кетиш масаласини кун тартибига олиб келган, аммо бошқа кўзга кўринган лидер бўлмаганлиги сабабли, уни раисликда қолишга сал кам мажбурлашган эди.

Орадан икки йил ўтди. Аҳвол ўша-ўша. Бу ерда қирим татарларини бирон нарсада айблаш адолатдан бўлмас эди. Уларнинг аҳволи ростдан ҳам оғир. Бундан ҳам муҳими, уларнинг келажакка қараган аниқ стратегиялари йўқ.

Қрим-татарлари ўзларининг тарихий ўлкаларида ўзлари ҳукмрон бўлиш учун фашистлар билан ҳам ҳамкорлик қилиб кўрдилар. Бўлмади. Аксинча, юртларидан ҳайдалдилар. Ҳозир улар Қримга қайтиш имкониятига эга бўлдилар, кўпчилик қайтиб ҳам бўлди. Аммо, ҳозир Қрим аҳолисининг мутлақо кўпчилиги ўрислар, иккинчи ўринда турган украинларнинг эса, қрим-татарларидан русларга қарши курашда фойдаланишдан бошқа ниятлари йўқ.

Шундай шароитда Мустафа Жамил ўғли ўз халқининг келажаги учун курашдан ҳеч қачон воз кечмаслигини билдирган ҳолда, расмий лидерлик лавозимидан кетиш ниятида эканлигини эълон қилгани ҳақида яна гап-сўзлар тарқалмоқда. Кўринишидан, бу сафар у ўз ниятини амалга оширади. Ва тўғри қилади. Бироқ, ҳозирча қрим-татарлари келажак стратегияларини белгилаш кучига эга эмаслар, Турк дунёси уларга ёрдам беришга ожиз, Ислом дунёсининг ўзи чуқур инқирозда. Нима қилиш керак саволига жавоб йўқ.