09 November 2011
20:18 - Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 12 миллиони иш билан таъминланган, таъминланмаганлар қанча?
Бугун Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитаси шу йилнинг 9 ойи натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг 11,893 миллиони иш билан таъминлангани эълон қилди. Бу рақам ўтган йилга қараганда 2,5 фоиз катта ҳам эмиш. Шу йилнинг 9 ойи ичида янги яратилган иш жойларининг сони 815,4 минг бўлибди, буларнинг 512,4 минги, яъни 62,8 фоизи қишлоқ жойларида.

Мамлакатимизда давлат органларининг қандай ишлаши маълум бўлгани учун, бу рақамларга ишониш ёки ишонмаслик масаласи борлиги ўз йўлига. Аммо, бу рақамларни қандайдир баҳолаш керак - бу кўрсатгичлар яхшими ёки ёмон?

Бунинг учун Ўзбекистонда меҳнат қилиш ёшидаги одамларнинг сонини билиш лозим. Табиий, Статистика Қўмитаси бу ҳақда маълумот бермайди. Бериш эсдан чиқиб қолдимикан? Йўқ. Бундай рақамлар берилса, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси юксаклиги очилиб қолса керак.

Юзминглаб, балки, миллионлаб ўзбеклар чет элларда меҳнат қилишмоқда. Бу ҳақда ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

Шундай экан, Ўзбекистонда 11,893 миллиони киши иш билан таъминланганини гапириш қуруқ гапдан бошқа нарса эмас. Дарвоқе, Ўзбекистонда Ислом Каримнинг нутқларидага келтириладиган рақамлардан тортиб, Статистик Қўмитасининг маълумотларигача, ҳаммаси қуруқ гап, минг афсуски, уларга ишониб бўлмайди.