14 August 2010
12:45 - Нью-Йорк фонд бозори яна алғов-далғов, Dow Jones индекси тўрт кундан бери тушмоқда, Ўзбекистонга нима?

АҚШда қимматли қоғозлар (акциялар, ҳиссалар) бозорининг кўрсатгича бўлмиш Dow Jones индекси 2008 йил август ойида бошланган молиявий кризиснинг иқтисодий кризисга айланиши даврида 13-14 мингдан 7 мингларга тушиб кетганди. Бу индекснинг машаққатли ўсиш даври 2009 йил февраль ойидан бошланди ва шундан кейин у мунтазаом ортиб борди.

Аммо шу йилнинг апрель ойидан бери Нью-Йоркдаги фондалар бозорида (The New York Stock Exchange – NYSE) яна алғов-далғов бошланди. Ўша пайтгача абсолют миқдори 11 мингдан ҳам ортган Dow Jones индекси яна тушиб-чиқабошлади. Шу ҳафтанинг охирги беш куни бу индекс тахминан 450 даражаги тушиб, унинг абсолют миқдори кеча биржанинг бекилиш соатида 10303 га тенг бўлди.

Биржа экспертлари бундай тушишнинг аниқ сабабини кўрсатолмадилар. Афтидан, инвесторлар АҚШ иқтисодининг тезда тузалишига, ишсизлик даражаси тезда тушишига ишонмаяптилар. Бу нарса - психологик фактор объектив кўрсатгичга айланиб қолганининг намунасидир. Замонавий иқтисодни бошқарадиганлар бу ҳақиқатни тан олсаларгина Dow Jones индексининг ўзгариш жараёнларини ўрганиб, унинг асосида замонавий иқтисод ярата биладилар.

Аммо, минг афсуски, Ўзбекистон раҳбарлари бу нарсаларни ҳалигача тушуниб етмадилар ва молиявий бозорнинг объективликигига Олой бозоридаги пистачкачилар савиясидан қарамоқдалар. Кечаги хабарларимиздан бирида айтилганидек, “Ўзбекистондек мамлакатда бир ойда бор-йўғи $2,66 миллионлик акциялар сотилиши”, бизда фондлар бозорининг ўта ибтидоийлигини ва Ислом Каримнинг бозор иқтисодига босқичма-босқич ўтишдек ибтидоий ғоясининг банкрот бўлганини исботидир.

АҚШ иқтисоди ва Dow Jones индексининг ҳолига келсак, кризисдан чиқиш давом этмоқда, шу йилнинг охири ёки келаётган йилнинг бошларида кризис ортда қолади. Ўзбекистондаги аҳволнинг ғариблиги ўшанда яна ҳам яққолроқ кўзга кўринади.