04 May 2011
00:48 - “Эзгулик” фаолларини рэкет қилган Салимбойваччанинг югирдаклари судланмоқда
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Ҳамза тумани судида (судья Убайдуллаев) таниқли авторитет Салим Абдувалиевнинг югирдаклари бўлган Мурат Юлдашев, Соли Эшматов, Ҳамза Ахмедовлар устидан маҳкама давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси билан айбланаётган бу шахслар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими фаоллари Абдумалик Эрданов ҳамда Фахриддин Раҳматовларни пойтахтнинг Олмазор метро бекати яқинидан ўғирлаб кетиб, Фарғона йўли кўчасидаги хусусий ошхонада (кўча тилида қозихонада - Ҳаракат) разбор қилишган. Бекободлик бир шахснинг буюртмаси билан уларга тан жароҳати етказишиб, товламачилик йўли билан ҳуқуқ ҳимоячилари бўйнига икки миллион сўм илишган. Бу ҳақда ўтган йилнинг 2 сентяридаги хабарларимизда дастлабки маълумотларни баён этгандик.

Жабрланувчиларнинг айтишича, Салим Абдувалиевнинг ўзи номини сотиб рэкет қилган бу уч зўровонни жазолашни сўраган. Ҳамза тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакиллари томонидан рэкетчилар тутиб келтирилиб, уларга ҳозирда 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазолари таҳдид солмоқда.