22 December 2009
11:30 - “Бирлик”нинг асосчиларидан ёзувчи Одил Ёқубов вафот этди
Кеча таниқли ёзувчи Одил Ёқубов 83 ёшида вафот этди.

1926 йилда туғилган Одил Ёқубов 1944 йилда ўрта мактабни тамомлагач, 1945-50 йиллари ҳарбий хизматда бўлди. 1951 йилда Ўрта Осиё Университетига кирди, уни 1956 йилда битирди.

Ёшлик йиллари кўпроқ журналист ва муҳаррир сифатида ишлаган Одил Ёқубов секин-аста ёзувчига айланди ва айнан шу соҳада ўз ўрнини топиб, ўзбек адабиётида сезиларли из қолдирди.

Қайта қуриш йиллари Ўзбекистон Ёзувчиларининг раиси бўлган Одил Ёқубов айнан шу лавозимида ўзбек халқи учун энг катта хизмат кўрсатди. Айнан Ёзувчилар Уюшмасининг биносида, Одил Ёқубовнинг қаноти остида, коммунистик ҳукуматининг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун кураш бошлаган “Бирлик” халқ ҳаракати туғилди ва оёққа турди. Бу улуғ инсон “Бирлик”нинг тузувчилари ичига кирмаган ва ҳеч қачон унга аъзо бўлмаган бўлса ҳам, шубҳасиз, унинг асосчиларидандир, у бирликчидир, мустақиллик курашчисидир.

“Бирлик” ўз ичидан чиққан ва асосий қисми ёзувчилардан иборат бўлган гуруҳнинг фитнаси натижасида парчалангач, Одил Ёқубовга Ёзувчилар биноси эшигига милиция пости ўрнатиб, бинога Абдураҳим Пўлат тарафдорларини киритмаслик хусусида буйруқ берилганда, Одил ака “Мен ҳеч қачон бундай қилмайман” деб рад жавоб берган. Шундан кейин, ҳукуматнинг ўзи Ёзувчилар Уюшмаси биноси эшигига миршаблар пости қурган. Аммо, ўша пайтда миршабларнинг ўзи ҳам “Бирлик”ни қўллаб-қувватлашгани учун, улар Одил Ёқубовга орқа қилиб, “Бирлик” фаолларининг Ёзувчилар Уюшмасига киришига тўсқинлик қилишмаган.

Мустақилликдан кейинги биринчи йилларда Одил Ёқубов, минг афсуски, Ислом Каримовниннг сиёсатини қўллаб-қувватлади, режимбошининг антидемократик руҳини, бу руҳга асосланган сиёсат Ўзбекстонни орқага суришини вақтида англаб етмади. Англаб етгандан кейин ижтимоий-сиёсий жараёнлардан четда туришга интилди.

Булардан қатъий назар, ўзбек халқи Одил Ёқубовдек асл фарзандини ҳеч қачон унутмайди.