21 November 2010
21:51 - Ёзувчи Одил Ёқубов хотирасига ош тортилди
Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, атоқли ижодкор Одил Ёқубов хотирасига пойтахтнинг “Изидор” ресторанида ош тортилди. Кутилгани ва чақирилганидан бир неча баравар меҳмонлар йиғилган маросимда ижодкорнинг руҳи хотирланиб, унинг ҳаққига дуои фотиҳа қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 21 декабрида оламдан ўтган атоқли ижодкор қайта қуриш йиллари Ўзбекистон Ёзувчиларининг раиси сифатида ўзбек халқи учун энг катта хизмат кўрсатди. Айнан Ёзувчилар Уюшмасининг биносида, Одил Ёқубовнинг қаноти остида, коммунистик ҳукуматининг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун кураш бошлаган “Бирлик” халқ ҳаракати туғилди ва оёққа турди. Бу улуғ инсоннинг рухсати билан 1989 йил май ойида “Бирлик”нинг таъсис қурултойи Ёзувчилар Уюшмасининг биносида ўтказилди. Одил ака “Бирлик”нинг тузувчилари ичига кирмаган ва ҳеч қачон унга аъзо бўлмаган бўлса ҳам, шубҳасиз, унинг асосчиларидандир, у бирликчидир, мустақиллик курашчисидир.

Мустақилликдан кейинги биринчи йилларда Одил Ёқубов, минг афсуски, Ислом Каримниннг сиёсатини қўллаб-қувватлади, режимбошининг антидемократик руҳини, бу руҳга асосланган сиёсат Ўзбекстонни орқага суришини вақтида англаб етмади. Англаб етгандан кейин ижтимоий-сиёсий жараёнлардан четда туришга интилди.