02 December 2009
22:18 - Ўзбек милициясида содир этилган ваҳшийлик (“Эзгулик” жамиятнинг пресс-релизи, № 52, 02.12.2009)
Шу йилнинг 9 майида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИБ томонидан безориликда айбланиб, сўнгра босқинчига чиқарилган опа-сингиллар тақдири ҳақида 35 сонли релизимизда баён қилгандик. Сурхондарёнинг Шеробод туманидан келиб, пойтахтлик Обидхўжа Исахўжаев исмли фуқаро билан турмуш қурган Наргиза, Ўзбекистон Миллий Университетида таълим олаётган унинг сингиллари Райҳон ва Хосият Соатовалар маиший жанжал туфайли босқинчиликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазоларига мустаҳиқ этилди. Суд ва тергов органлари томонидан қатор процессуал нормаларнинг бузилиши Тошкент шаҳар ИИББ терговчилари томонидан опа-сингилларга нисбатан ўтказилган зулм, ваҳшийлик ва ноинсоний муносабатлар олдида холва эканини махкумаларнинг акаси кўзида ёш билан гапириб берди.

Зотан, миршабларнинг шафқатсизлиги туфайли 4 ойлик эмизикли гўдагидан ажратилган Наргиза Соатова Зангиотадаги аёллар турмасида жазо муддатини ўтамоқда. Кичик сингил, ЎзМУ талабаси Хосият Чориева тергов даврида терговчилар томонидан зўрлик ишлатилиб, сўнг руҳий хасталиклар шифохонасида икки ой даволаниб чиқди. Тергов даврида зўрланган, номуси топталган қиз — Райҳон Соатованинг 6 ойлик ҳомиласи бор, у ҳам Зангиоата турмасида тақдирини Яратганнинг ҳукмига ҳавола қилиб ўтирибди. Сингиллари тақдиридан ўсал ака “Эзгулик” жамияти идорасида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Онаизор Гулсара Жўраева Тошкентдаги шифохоналарнинг бирида оғир аҳволда!..

Маҳкума Райҳон Соатова 26 ноябр куни Зангиота турмасидаги учрашув даврида онаси ва акаси билан бўлган учрашувда ўша 9 май куни Мирзо Улуғбек тумани ИИБ тергов изоляторида 12 нафар шахснинг унинг номусига тажовуз қилгани, улардан 3 тасини танишини ҳам, ўзига етказилган азоблардан ҳушини йўқотгани, калтаклангани, кўкраклари орасида пошнанинг изи қолганини йиғлаб, қўрқа-писа айтиб берди. Ҳатто уни Тошкент шаҳар ИИББ терговчиси Азиз Умархонов ҳам зўрлагани, бунга чидай олмаган бечора қиз жонига қасд қилгани, томирини кесишга уринганини таъкидлади. Терговчи Умархоновнинг кўрсатмаси билан бу жараён “тасодифий йиқилиш даврида содир бўлди, деб баёнлаштирилганини, шифокорлар ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкинлигини айтиб, тасалли беришганини такрорлаб йиғлади. Терговчининг “Сен номусини йўқотган аёлсан, энди уйингдагилар ҳам сендан воз кечади!” деб изза қилганини айтиб узоқ йиғлади. Аёллар турмасида ҳомиладор бўлишига қарамай ишга чиқарилаётгани, тиббий ёрдам кўрсатилмаёгани ҳамда оддий таблеткаларни ҳам беришмаётганидан ўкинди.

Зулм фақатгина шунинг ўзи эмас. Терговчи Азиз Умархонов опа-сингилларнинг ижтимоий хавфли жиноятчи эканини таъкидлаб, Ўзбекистон Миллий Универститетига махсус хат йўллаб Олийгоҳнинг 2-курс талабаси Хосиятни ўқишдан ҳайдатди. Тергов даврида Наргиза Соатовани калтаклади, болаларини эри Обидхўжа Исохўжаевга тортиб олиб берди. Уларнинг оиласини бузишга уринган сартарош қиз Наргиза Ашурметовадан росмана жабрдийда ясади. Опа-сингилларни “Агар ғинг десанг, университетдаги аканг, ота-онангдан айриласан, ...лар!” дея қўрқитди.

Юқорида баён этилганлар бўйича Жамият раиси В.Иноятова Тошкент шаҳар прокуратурасига расман мурожаат этиб, ўзлари иштирокида тиббий экспертиза тайинлаш бўйича комиссия тузилишини, комиссия таркибига мустақил тиббий ходимлар жалб қилинишини талаб қилди. Лекин шу куни Тошкент шаҳар ИИБнинг терговчилари 1 сон қамоқхонасига келиб Райхондан “гапирсанг, онанг ва аканг ҳам қамалади” деган зуғум билан “хеч кимга даъво қилмаслиги” ҳақида тилхат олишган.

“Эзгулик” бир хонадон бошига тушган фожиа, зулм ва қабоҳат ҳақида жамоатчиликка маълум қиларкан, Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси, Тоштурма маъмурияти жиноий қилмишларни тўғри малакалаш, процессуал талабаларга риоя этиш тугул оддий инсоний муносабатларга ҳам қодир эмаслигини таассуф билан таъкидлаб, юқоридаги ваҳшийликдан иборат хом-хатала жиноят ишларини ўтказаётган, инсон тақдирига бефарқ судлар фаолиятини кескин ислоҳотларга муҳтож, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Парламентининг суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Миллий маркази маъмуриятини мазкур ҳолатни тадқиқ этиш ва мамлакат ҳукуматига бу борада тавсия ва талаблар киритишга чақиради.