19 December 2009
01:53 - Ўзбек миршаблари томонидан зўрланган қизнинг кўзи ёриди
Бугун Зангиота тумани Марказий шифохонасининг туғруқ бўлимида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан босқинчиликда айбланиб, 7,2 йилга озодликдан маҳрум этилган сурхондарёлик Райҳон Соатованинг муддатидан илгари кўзи ёриди. Миршаблар томонидан зўрланган, натижада ҳомиладор бўлиб қолган қизнинг 29 ҳафтада чала ҳомиласи тушди ва унинг аҳволи ҳозирда қониқарли даражада эмас. Чала дунёга келган қизалоқ махсус ваакумда сақланмоқда, унинг яшашига деярли умид йўқ. Туғруқхона Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармаси қўриқлаш батальони миршаблари томонидан қўриқланмоқда.

Райҳон Соатованинг қариндошлари мунтазам уринишларга қарамай у билан учрашишга муваффақ бўлмаяпти. Қўриқлаш батальони командири Қулбековнинг адютантининг таъкидлашича, қизни ҳеч кимга кўрсатмаслик бўйича юқоридан топшириқ бўлган. Бу масала билан қизиқаётган оммавий ахборот воситаларига эса Бош прокуратура бу борада текширувлар ўтказилгани, миршаблар томонида зўрлаш тугул ҳеч қандай тазйиқ ҳам ўтказилмаганини таъкидлаб, интервью беришмоқда.

Мазкур иш билан бевосита шуғулланаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатнинг ҳеч бир мутасадди идораларидан жавоб олмагани, тегили тиббий экспертиза ва хизмат текшируви ўтказилмагани, ҳукумат бу ҳодисани яширишга уринаётганини айтмоқда. Шунингдек, жамият Райҳон Соатова тақдирида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси маъмурияти ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эътиборини айни ҳодисага қаратишга уриняпти.

Чақалоқнинг муддатидан авваал туғилиши (балки туширилиши) миршаблар ва унинг ортида турган қонхўр ҳукуматнинг жиноятни яширишга қаратилган ҳаракатлари ҳам бўлиши мумкин, дейди мухбиримиз.