02 December 2009
21:44 - Шариф Алиев: Деновча демократия
Инсоният яралгандан бери демократияга интилади, аммо ҳеч ким унга эришолмайди. Деновда эса ҳар қадамда демократияга дуч келасиз, ҳатто уни дуч келган дўкондан харид қилишингиз мумкин.

Сайлов муносабати билан эса демократик тамойиллар чўққига чиқди: довруғи тилларда достон бўлиб кетган Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев 27-чи С.Раҳимов сайлов округидан туман кенгаши депутатлигига номзодини қўйди. Ва Миллий банкнинг Денов филиали бошқарувчиси бўлиб ишлайдиган Рустам Иброҳимович Файзуллаевга: “Кел, ўғлим, бир беллашайлик!” деди. “Марҳамат!” деди Тарас Бульбанинг ўғлига ўхшаб Рустамбек ҳам.

22-Денов сайлов округидан ҳам ота-бола Мамажонов Сирожиддин Зойирович ва Мамажонов Зойир Ғуломовичларнинг номзоди рўйхатга олинди. Ота - «Чағониён» газетасининг бош муҳаррири, ўғил эса газета масъул котиби.

Тасаввур қилинг-а! Сайловчилар билан учрашув пайти ўғил минбарга чиқиб, «Отамнинг гапига ишонманглар, отам ухлаганда хуррак отади!» деса, ота эса минбарга чиқиб, «Сирожиддин Зойировичнинг гапига ишонманглар, ўзи кечагина университетни битириб келди, менинг хуррак отганимни қачон кўрган экан?» деб турса! Чунки демократиянинг шохи йўқ, шунинг учун уни эчкига ўхшатиб, қозиққа боғлаб бўлмайди. Зотан, ҳеч қандай қонун ўғилнинг отани қандай қилиб бўлмасин, қўллаб юборишини таъқиқламайди.

Бунинг отини Денов демократияси дейдилар.