25 November 2016
05:36 - Ислом Каримга ёқмайдиган иш қилмоқчи бўлгани учун 24 йил зиндонида ётган Самандар Қўқонов, хайриятки, кеча озод қилинди, ўлдириб юборилганлар ҳам бор
“Ҳаракат”нинг сайти, аввал ҳам айтганимиздек, жиддий қийинчиликларни бошидан кечирмоқда. Шу сабабли, Самандар Қўқоновнинг кеча озод қилингани ҳақидаги хабарни кечикиб бермоқдамиз.

Кўринишидан, Шавкат Мирзиё ҳукумати ўзи учун ҳам муҳим бўлган бу воқеани ёритишни МХХнинг назорати остида ишлайдиган “Озодлик” ва ББС радиоларининг ўзбекча хизматларига топширган ва айнан улар Самандар Қўқонов озод қилинаётганини биринчи бўлиб хабар қилганлар.

“Ҳаракат” Агентлигидагилар пичоққа илинадиган бир айби бўлмаган инсонни 24 йилдан кейин бўлса ҳам, озод қилганидан чексиз хурсандлар. Бошқа тарафдан, бу қувончли воқеани Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар ҳам бошланишига сигнал сифатида қабул қилишни истайдилар, шундай бўлишини кутадилар.


Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқонов 1993 йилнинг 2 июль куни давлатга қарашли катта миқдордаги мол-мулкни талон-тарожлик қилганлик айби билан ҳибсга олинганини айтган “Озодлик” тўғри хабар берган. Аммо, унинг Ислом Карим режими тарафидан жазоланишининг асл сабаби хусусида оддий ёлғонни тилга олган.

Асл ҳақиқат эса, қисқа қилиб айтсак, қуйидагича.

Самандар Қўқонов 1992 йилнинг бошларида ўзи ишлайдиган Чиноздаги нефтебаза ходимлари билан бирга “Бирлик” халқ ҳаракатига кириш истагини билдириб, ўз ишхонасида ўтказиши режалаштирилган “Бирлик”нинг бошланғич ташкилотини тузиш мажлисига “Бирлик” раҳабарларини таклиф қилди. Келишилган вақтда Чинозга келган “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат ва “Бирлик” Марказий Кенгаши Ҳайъатининг аъзоси Миролим Одилга Самандар Қўқоновдан шундай хабар келди: “Бугун эрталаб мени президент Ислом Каримов ҳузурларига чақириб, мухолифатга қўшилмоқчи бўлсанг, конструктив мухолифат бўлган “Эрк” партиясига киришинг лозим деб маслаҳат бердилар. Сизлардан узр тилайман, аммо давлатимиз раҳбарининг маслаҳатига қулоқ солишга мажбурман”.

Табиий, Ислом Каримов маслаҳат эмас, буйруқ берган ва Самандар Қўқонов давлат хўжайинининг буйруғига бўйсунишга мажбур бўлган. Ислом Карим “Эрк”нинг ўша пайтдаги раиси Салой Мадаминни “Бирлик”га, қолаверса, Ўзбек миллатига қарши ишлатиб бўлгандан кейин, унинг кетига бир тепиб улоқтирган. Сўнгра, асл мақсади “Бирлик”га қўшилиш бўлган Самандар Қўқоновни чиритишга ташлатган.

Бундай воқеа ягона эмас. Ўтган асрнинг 90-чи йиллари охирида Москвада бизнес билан шуғулланиб, ўша пайтда Россиядаги кўзга кўринган ўзбек бойларидан бирига айланган кишига ҳам “Бирлик”га эмас, “Эрк”га ёрдам бериш “маслаҳати” берилган. “Эрк”га расмий ёрдам беришни бошлаб, “Бирлик”га яширинча ёрдам беришни давом эттирган у киши кейинчалик ўлдиртириб ташланган.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг бу ҳақдаги тафсилотли хотиралари “Ҳаракат” журналида ўз вақтида эълон қилинган. Шу кунларда уни журналнинг архивидан топиб, ўқувчиларимизнинг эътиборига ҳавола қиламиз.

Расм Самандар Қўқонов озод қилингани ҳақида “Озодлик” радиосига асосланиб хабар тарқатган siyosat.wordpress.com cайтидан олинган.