24 November 2016
19:11 - Бечора Ўзбекистонимиз: Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши бўйича ҳам Қозоғистондан орқадамиз

Ўзбекистоннинг қўғирчоқ ахборот воситалари БМТ қошидаги Халқаро Электр Алоқа Иттифоқи (International Telegraph Union) 22 ноябрь куни “Ахборот жамияти ўлчови” номли йиллик ҳисоботини эълон қилгани, жаҳоннинг 175 мамлакатини ўз ичига олган рўйхатда Ўзбекистонга 110-чи ўрин берилганини хабар қилдилар. Аммо, одатдагидек, ҳеч қандай таҳлил бермадилар.

Таҳлил берилса эди, бу соҳада ҳам дунё мамлакатлари ичида рўйхат бошидан кўра охирига яқин эканлигимиз айтилган бўларди. Ҳали дунёда қолоқ мамлакатлар кўп, аммо МДҲ ичида ҳам аҳволимиз ёмон эканлиги таъкидланган бўларди. Чунки, баъзи МДҲ давлатларининг бу рўйхатдаги ўринлари қуйидагича:

Беларусия – 31
Россия – 43
Қозоғистон - 52
Озарбойжон – 58
Арманистон – 71
Гуржистон – 72
Украина – 76
Ўзбекистон - 110
Қирғизистон – 113

Тожикистон ва Туркманистон рўйхатга киритилмаганга ўхшайди. Рўйхатнинг бошида қуйидаги давлатлар турибди - Исландия, Дания, Швейцария ва Буюк Британия.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳам бунчалик қолоқлигимизнинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, дейди мухбиримиз, чунки, иқтисоди аянли аҳволда бўлган Ўзбекистонимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга маблағ ҳам йўқ-ку.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, ҳар қандай давлат иқтисоди кучининг кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича ривожланган давлатлардан 30-50 марта орқада эканлигимизни қўйиб туринг, масалан, нефть нархи тушиб кетганли сабабли ҳозир аҳволи оғир бўлган Россия ва Қозоғистондан 5-6 баравар, Озорбайжондан 3 баравар орқадамиз. Аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам улардан айнан шунча орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишини ҳамма ўқувчиларимиз билишади.

Демак, бу аҳволдан чиқиш учун мамлакатимизда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш керак. Аммо, навбатдаги президент бўлиши аниқ бўлган Шавкат Мирзиё катта ислоҳотлар ўтказиш ҳақида қандайдир фикрлари борлигини тилга олаётгани ҳам йўқ, чунки, уларнинг ўзи йўқ.