Шу йилнинг 6 октябрь куни СССР замонидаги Ўзбекистон парламенти - Ўзбекистон Олий Советининг собиқ депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонасининг собиқ бошлиғи Самандар Қўқоновнинг кўп йиллардан бери узайтирилиб келинаётган қамоқ муддати битиши ва маҳкум озодликка чиқарилиши керак эди. 72 яшар бу одам қамалганига 23,5 йил бўлди, ўшанда у ҳали 50 га ҳам тўлмаганди.
Ҳозир маълум бўлишича, Самандар Қўқоновнинг жазо муддати қамоқхонанинг ички тартибини бузди, деган айблов билан яна узайтириладиган бўлибди. Бу ҳақда унинг ўғли Сардор матбуотга маълум қилган, дейди мухбиримиз. У Зарафшондаги 64/48-сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда.
Эслатиб ўтиш керакки, Самандар Қўқонов мухолифат сафларида ҳам бўлиб чиққан одам. У 1992 йилнинг бошларида ўзи ишлайдиган Чиноздаги нефтебаза ходимлари билан бирга “Бирлик” халқ ҳаракатига кириш истагини билдириб, ўз ишхонасида “Бирлик”нинг бошланғич ташкилотини тузиш мажлисига “Бирлик” раҳабарларини таклиф қилди. Келишилган вақтда Чинозга келган “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат ва “Бирлик” Марказий Кенгаши Ҳайъатининг аъзоси Миролим Одилга Самандар Қўқоновдан шундай хабар келди: “Бугун эрталаб мени президент Ислом Каримов ҳузурларига чақириб, мухолифатга қўшилмоқчи бўлсанг, конструктив мухолифат бўлган “Эрк” партиясига киришинг лозим деб маслаҳат бердилар. Сизлардан узр тилайман, аммо давлатимиз раҳбарининг маслаҳатига қулоқ солишга мажбурман”.
Хуллас, ўша куни Самандар Қўқонов ўз коллективи билан “Эрк” партиясига кирди. Ислом Карим тахтини мустаҳкамлаб олгач, “Эрк”ни бир тепиб, тарқатиб юборди, Самандар Қўқоновни қамоққа ташлади.
Нима бўлганда ҳам, Самандар Қўқоновнинг 23 йилдан бери қамоқда тутилишини ҳеч оқлаб бўлмайди, дейди Абдураҳим Пўлат. Унинг қамоқ муддати Шавкат Мирзиёнинг иштирокисиз узайтирилаётганига ишонадиган аҳмоқ ҳам йўқ. Шавкат Мирзиё ўзининг инсонлигини кўрсатиш ниятида бўлса, Самандар Қўқоновни дарҳол озод қилиши керак.