11 February 2012
06:04 - “Араб баҳори”нинг илк натижаси: Миср-АҚШ муносабатлари ўта ёмонлашди, Ўзбекистондаги воқеалар билан ўхшашлик йўқми?
Сўнгги кунларда АҚШнинг USA Today ва Washington Post каби обрўли газеталари Миср-АҚШ муносабатларида ёмон томонга кескин ўзгарганини кўрсатувчи бир мавзуни қата-қайта тилга олмоқдалар.

Маълум бўлишича, ичида 19 америкалик ҳам бўлган 43 нафар турли ноҳукумат ташкилотларнинг вакиллари устидан расмий рухсатсиз фаолият олиб борганлик айби билан жиноий иш очилган, ҳозир тергов ишлари давом этмоқда, яқинда уларнинг кўпчилигига Мисрни тарк этиш тақиқланган. Ҳибсга олиниш хавфи остида америкаликларнинг бир қисми ўз мамлакатларининг элчиохонасига кириб олишган.

19 америкалик марказий қароргоҳи Вашингтонда бўлган Халқаро Республикачилар Институти, Миллий Демократик Институт ва Фридом Хауз каби машҳур АҚШ ташкилотларининг вакилларидир. Бу ташкилотлар 2005 йилдан бери Мисрда фуқаролик жамияти фаоллари билан ишлашган, демократик жараёнларни ривожлантиришда ёрдам беришган, жумладан, маҳаллий фаоллар учун турли тренинглар ўтказишган, уларнинг фаолиятини молиялаштиришган.

Бу уччала ташкилот рўйхатдан ўтиш учун ҳукуматнинг тегишли идораларига ўз вақтида ариза беришган бўлса ҳам, уларни рўйхатга олишмаган, аммо шу пайтгача фаолиятларига ҳеч қандай тўсқинлик қилишмаган. Ҳатто, уларни ўтган йили Мисрда ўтган парламент сайловларида кузатувчилик қилишга расман такалиф қилишган.

Бу воқеанинг эътиборга лойиқ жойларидан яна бири шундан иборатки, Халқаро Республикачилар Институтининг Мисрда ишлаётган гуруҳининг раҳбари Сэм ЛаҲуд АҚШнинг ҳозирги Транспорт вазири, собиқ конгрессмен Рей ЛаҲуднинг ўғли эканлиги.

АҚШ Президенти Барак Обама, Давлат Котиби, Конгресснинг кўзга кўринган намояндалари, баъзилари очиқча, базилари, турли имо-ишоралар билан Миср раҳабариятига мурожаат қилиб, бу мамлакатга бу йил берилиши режалаштирилган 1,7 миллардлик ёрдам хавф остида қолишини билдиришди. Аммо, ҳозир Мисрда ҳукумат вазифасини бажараётган ҳарбийлар Кенгаши ҳамма нарса адлия системасининг қўлидадар, деган баҳона билан америкаликларга қилинаётган босимни оқлагандек бўлдилар.

Америкаликларга қарши олиб борилаётган ишларни бу асрнинг бошларидан бери Ҳусни Муборакка яқинлиги билан билинган, 2004 йилда бери Ташқи ёрдамларни координация қили вазири бўлиб ишлаётган, бу вазифасини ҳарбийлар Кенгаши доирасида ҳам давом эттираётган Фаиза Абои эл-Нага бошқараётгани ҳам ўша газеталарда ёзилди. АҚШлик мухбирларнинг фикрича, ҳарбийлар ва Ҳусни Муборак ҳукуматининг бошқа аъзолари айнан номи тилган олинган америкалик ташкилотлар мисрликларни вақтли ҳукуматга қарши қайраётганидан, сўнгги ойлардаги янги норозилик намойишларини молиялаштиришаётганидан хавотирда эмишлар.

Айнан шу ерда тушуниш қийин бўлган вазият ўртага чиқмоқда. Маълуки, Ҳусни Муборак ва унинг ҳукумати про-америкаликлар деб ҳисобланарди. Энди улар ўзгариб, америкаликларга қарши бўлиб қолганларига ишониш қийин.

Иккинчи тарафдан, Мисрда ҳокимият исломчилар қўлига ўтиш хавфи остида турган бир пайтда, АҚШлик ташкилотлар мисрикларни дунёвий давлатчилик тарафдори бўлган вақтли ҳукуматга қарши курашга рағбатлантириши, бу йўналишдаги фаолиятларни молиялаштириши ҳам ишониб бўлмайдиган нарса.

Хуллас, воқеаларнинг ривожини кузатиб бориш лозим. Унутмаслик керакки, номи тилган олинган уч америкалик ташкилот 2002-2005 йиллари Ўзбекистонда ҳам фаолият олиб борган. Бу ерда ҳам ҳамма нарса яхши бўлганини айтиш қийин. Масалан, ҳақиқий ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Фридом Хаузнинг Тошкент офиси олдида норозилик намойишлари ўтказишгача боришган, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат АҚШнинг Хельсинки Комиссиясидаги тингловлардан бирида, Халқаро Республикачилар Институтининг Тошкентдаги вакили демократик партиялардан кўпроқ шубҳали шахслар билан мулоқатда бўлгани, уларга ёрдам берганини танқид қилган эди.

Балки, Мисрда ҳам шу каби воқелар бўлган ва бошланган жараёнлар уларнинг натижасидир?