11 мартдаги хабаримизда араб мамлакатларида, айниқса, нефтга бой мамлакатларда бошланган турли инқилоблар жаҳон молиявий системасини ҳам оёғидан ургани, АҚШда ва балки бутун дунёда бизнес фаоллиги ва молиявий система барқарорлигининг кўрсатгичи бўлган Dow Jones индексининг абсолют миқдори сўнгги 20 кун ичида 12400 дан 11984 га тушганини билдиргандик. Шундан кейин вазият барқарорлашгандек бўлди.
Аммо, дунёнинг молиявий ва иқтисодий системасида етакчилардан бўлган Япониядаги фожеали воқеалар Dow Jones индексини ўпириб ташлади. Кеча кечқурун Нью-Йоркдаги фондлар бозори, халқ тилида Уоллстрит (Wall Street) бекилганда, бу индекснинг қиймати 11613,30 бўлганди. Бир кунлик тушишнинг ўзи 242,12 – яъни 2,04% бўлибди.
Кўринишидан, тушиш яна давом этади, дунёнинг молиявий ва иқтисодий системасидаги инқироз яна чуқурлашади.
Шуни айтиш керакки, дейди мухбиримиз, Dow Jones индексининг таъсир кучини ҳали ҳам тушунмайдиганлар бор. Катта ширкатларнинг акциялари, уларнинг бозори, бу бозордаги Dow Jones индекси каби кўрсатгичларни бойларнинг ўйини, халқни алдаш учун чиқарилган нарсалар деб ҳисобловчи одамлар, ҳатто мамлакатлар йўқ эмас. Масалан, Ўзбекистон шундай мамлакатлардан бири. Ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати айнан шу нарсаларни тушунмагани учун ҳалигача замонавий банкчиликнинг йўлини тўсиб, мамлакатимизнинг ривожланиш йўлини тўсиб келмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати ва унинг хўжайини Ислом Карим кабилар аввалрроқ яшашса эди, олтин пул ўрнига қоғоз пул чиққанида, унга ҳам ишонишмасди. Балки, ҳозир ҳам ишонишмайди. Демак, ўзбек халқи бундай ҳукуматдан қутилмагунча қолоқликдан чиқолмайди.