31 January 2011
23:28 - Нурсултон Назарбой референдум ўрнига вақтли сайлов ўтказмоқчи
Аввалги хабарларимиздан маълумки, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой гўёки халқнинг талаби билан парламент қабул қилган янги қонун асосида ўзининг президентлик ваколатларини 2020 йилгача узатиш учун сиёсий ўйинлар бошлатган эди. Бундай қадам демократик принципларга уйғун эмаслиги ҳақида Ғарбдан келган огоҳлантиришлар натижасида бўлса керак, у чекинишга мажбур бўлди.

Бугун эрталаб ННнинг бир неча кун аввалги расмий талаби билан референдум ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиққан мамлакатнинг Конституцион Кенгаши, табиий, ННнинг норасмий кўрсатмаси билан, қонун лойиҳасининг баъзи жойларида ноаниқликлар борлигини ва шу сабабли у Конституцияга мос эмаслигини топибди.

Шундан кейин теле-радио орқали халққа мурожаат қилган Нурсултон Назарбой юзага келган муаммони сих ҳам каваб ҳам куймайдиган шаклда ҳал этиш йўлини таклиф қилди. Таклифга кўра, у Парламентга мурожаат қилиб, референдум ўрнига дарҳол вақтли президент сайлови ўтказишни таклиф қилади. Ваҳоланки, навбатдаги президент сайлови 1012 йилда бўлиши керак эди.

Табиий, Парламент бу таклифни қабул қилади, бир неча ой ичида вақтли сайлов ўтказилиб, НН қайтдан президентликка сайланади. Унинг халққа мурожаатида, ҳамма диктаторларнинг чиқишларида бўладигани каби, баландпарвоз гаплардан бошқа ҳеч нарса йўқ.