14 January 2011
05:52 - Нурсултон Назарбойнинг президентлик ваколатларини узайтириш мақсадида унга “босим” ўтказиш давом этмоқда
Қозоғистон президентининг ваколатларини узатиш бўйича рефрендум ўтказиш таклиф қилаётган Ташаббус гуруҳи кеча Нурсултон Назарбойга мурожаат қилиб, уни референдум ўтказмаслик ҳақидаги фармонини бекор қилишга чақирди, дейилади Қозоғистоннинг расмий Казинформ агентлиги тарқатган хабарда. Тўла лаганбардорлик руҳида ёзилган мурожаатда Қозоғистоннинг биринчи президенти – Миллий лидер Нурсултон Назарбой Қозоғистонни мустақил давлатга айлантиргани, Қозоғистон халқини ҳамма соҳаларда катта мувафаққият чўққиларига олиб чиққани таъкидланади, рефрендум ўтказишни қўллаб-қувватлаган 5 миллион кишининг имзоси тўплангани урғуланади ва халқнинг иродасига бўйсуниб, референдумга рухсат беринг, деб ёлворилади.

Маълумки, бугунга Қозоғистон Парламенти палаталарининг қўшма мажлиси чақирилган. Унинг кун тартиби эълон қилинмаган бўлса ҳам, мухбирларимизнинг фикрича, Парламент референдум ўтказиш бўйича қонунга қўйилган президентнинг ветосини ошиб ўтади ва Нурсултон Назарбой бу қонунни имзолашга “мажбур бўлади”. Унинг иккинчи марта вето қилиш ваколати ҳам йўқ.

Хуллас, шундай “босимлар” остида Нурсултон Назарбойнинг ваколатлари 2020 йилгача узайтирилади.

Қолаверса бу ўйинларнинг ҳеч бир нооддий жойи йўқ. Ҳали тарихда ўз истаги билан раҳбарликдан кетган диктатор бўлмаган ва бўлмайди. Ўзбекистон президенти ҳам мустасно эмас.