10 October 2010
06:54 - Рус демократлари ниҳоят ягона партияга бирлашмоқчилар, навбат ўзбек демократларига
Рус демократларининг “Ўзбошимчалик ва коррупциясиз Россия” коалицияси кеча Москванинг Болотная майдонида узоқ йиллардан бери биринчи марта рухсатли митинг ўтказди ва ундан кейин коалиция Ташкилий Комитетининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ерда “Ўзбошимчалик ва коррупциясиз Россия” - “Халқ эркинлиги партияси” номли партия тузиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Россия Халқ Демократик Иттифоқи раиси Михаил Касьяновнинг маслаҳатчиси Елена Дикуннинг айтишича, партиянинг таъсис Қурултойи 13 декабрь куни Москвада ўтказилади. Партиянинг номи ўша ерда тасдиқланади.

Маълумки, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат бир неча йилдан бери демократик мухолифат ягона партияга бирлашиши кераклигини, Россия, Украина ва Озорбайжоннинг тажрибаси ҳам кўрсатиб турганидек, турли партияларнинг коалицияси самарасиз эканлигини гапириб келар эди. Руслар бу ҳақиқатни тушуниб етиб, ҳаммани янги номли партия остида бирлаштиришга киришган бўлсалар, уларни олқишлаш керак.

Ўзбекистонда шароит бошқача. Ҳозир фақат “Бирлик” Партияси ўз структурасини сақлаб қолди, фақат бу партия Ўзбекистон ичида амалий фаолият олиб бормоқда. Демак, ўзбек демократик мухолифатини “Бирлик”да бирлаштириш керак. Бошқа йўл йўқ.