Маълумки, шу кунларда бу йилги Нобель Тинчлик Мукофоти қамоқда ётган хитойлик ҳуқуқ ҳимоячиси Лю Сяобога берилгани эълон қилинди. У ўтган йилнинг охирида Хитойда сиёсий эркинликлар талаб қилувчи «Хартии-08» номли сиёсий манифестнинг муаллифларидан биридир.
Норвегия Нобель Комитети мукофотга номзодлар рўйхатида Германиянинг собиқ канцлери Гелмут Коль каби таниқли исмлар бўлишига қарамасдан, афзалликни хитойлик ҳуқуқ ҳимоячисига бериб жуда тўғри иш қилди. Бундай қарор сиёсий бўлганини ҳам ҳамма тушунади. Бу ерда мақсад, бир тарафдан, Хитой режимига босим ўтказиш, иккинчи тарафдан, қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячисини маънавий қўллаб қувватлаш, унинг озод этилишини тезлаштиришга ҳисса қўшиш ва ҳуқуқ ҳимоячисининг кейинги фаолиятини рағбатлантириш бўлган. Ва шубҳасиз, берилган мукофот шу йўналишларда катта роль ўйнайди.
Хўш, ўз вақтида қамоқда ётган ўзбек диссидентларидан бирига, масалан, Санжар Умаров, Саиджаҳон Зайнобиддинов ёки Мўътабар Тожибоевага шундай мукофот берилса, Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати ва умуман демократлар учун фойда бўлармиди?
Табиий, Санжар қамоқхоналардаги қийновларнинг сабабчиси мавжуд режим эмас, назоратчилар эканлигини қаттиқроқ овоз билан айтарди, Саиджаҳон Висоцкийнинг ҳамма асарларини ўзбекчага таржима қилиб ташларди, Мўътабар ҳамма қариндошларини Парижга кўчириб оларди. Ўзбек жамияти учун ҳеч қандай фойда бўлмасди. Нобель комитетидагиларга раҳмат, хитойликни танлаб тўғри иш қилишибди.