22 June 2011
19:49 - Рус демократларининг “Халқ Эркинлиги Партияси” рўйхатга олинмади
Ўтган йили 13 декабрда тузилиб, шу йил 23 майда ўз ҳужжатларини Адлия вазирлигига топширган рус демократларининг “Халқ эркинлиги партияси” рўйхатдан ўтказилмади. Бу ҳақда вазирликнинг расмийларига асосланиб Интерфакс агентлиги хабар берди.

Маълумки, бу партия Россия демократик мухолифатининг асосий ташкилотларини бирлаштирганди. Мана ўша ташкилотлар - Россия Халқ-Демократик Иттифоқи (раиси Михаил Касьянов), Республика Партияси (Владимир Рыжков), “Бирдамлик” ҳаракати (раисдоши Борис Немцов) ва “Демократик Танлов” ҳаракати (Владимир Милов).

Бу партия шу йил бўладиган парламент сайловларида иштирок этиб, тажриба орттириш ва келаси йил бўладиган президент сайловида демократик мухолифатининг ягона номзодини олға суриш ниятида эди.

Михаил Касьянов бундай шароитда келаётган парламент сайловлари эркин бўлолмаслигини айтар экан, Адлия вазрлигининг қарори, аслида, бош вазир Путиннинг қарори эканлигини, Путин бу партиядан қўрқаётганини урғулади.

Партия лидерлари эртага махсус матбуот конференцияси ўтказиб, келажак режаларнини билдиришмоқчи. Улар сайловларни бойкот қилишга чақиришса керак.

Адлия вазирлигининг матбуот хизмати “Халқ эркинлиги партияси” рўйхатдан ўтказилмагани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади ва бунинг сабаби - партия ҳужжатларида камчиликлар борлиги, жумладан, партия аъзоларининг рўйхатида балоғот ёшига етмаганлар ва ҳатто ўлганлар борлиги эканлигини билдирди. Яъни, сабаб сабаб эмас, мухолифатни сайловларга яқинлаштирмаслик учун ишлатиладиганган оддий баҳона. Худди Ўзбекистонда каби.