13 August 2010
05:34 - Тошкент ва Зангиота туманлари бирлаштирилади (тузатилган вариант)
Расмий хабарга кўра, Парламентнинг қуйи палатаси депутатлари кеча Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота туманларини бирлаштириш ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай туманлари ва Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани ҳудудларини қисман ўзгартириш ҳақидаги масалани муҳокама қилишган. Муҳокамалардан кейин Қонунчилик Палатаси тегишли қарор қабул қилиб, уни маъқуллаш учун Сенатга юборибди. Хабарда айтилишича, ҳудудий ўзгартиришлар бўйича таклиф Қонунчлик Палатасига Вазирлар Маҳкамаси тарафидан юборилган.

Хабарда туманларнинг нима сабабдан бирлаштирилишига изоҳ берилмаган. Бироқ айрим кузатувчилар бирлаштирилаётган икки туманнинг яқин йилларда Тошкент шаҳрига қўшилиши ҳақида айтишмоқда. Тошкент вилоятига прописка қилишни назоратга олиш ҳақидаги президентнинг кечаги қарори айнан шу мақсадда чиқарилган, дейишмоқда улар.

Бошқа тарафдан, шу ҳам маълумки, қўғирчоқ парламент бирон масалани муҳокама қилишга бошладими, демак, юқорида бу хусусда қарор қилиб бўлинган. Демак, ҳукумат тарафидан келган ҳудудий ўзгартиришлар ҳақидаги таклиф Сенатда ҳам тезда қабул қилинади, Тошкент ва Зангиота туманлари бирлаштирилади, номи тилга олинган туманларнинг чегаралари ўзгартирилади. Бундай касаллик авж олиб, баъзи вилоятларда ҳам бирлаштириш ва чегара ўзгартиришлар бошланса ажабланмаслик керак.

Алоҳида айтиш керакки, хабарга кўра, Қонунчилик Палатаси ҳудудий ўзгартиришлар ҳақида қонун эмас, қарор қабул қилган, Вазирлар маҳкамасидан қонун лойиҳаси эмас, таклиф келгани айтилган. Бу шунчаки сўз ўйинларими, Ўзбекистонда ҳудудий ўзгартиришлар қилиш учун парламентнинг розилиги шартми, шарт бўлса, у қайси шаклда бўлиши керак деган саволларга жавоб йўқ.