10 March 2006
04:00 - 23:30- “Бирлик” вакили Украина Ички Ишлар вазири ва вазирликнинг бошқа ходимлари билан учрашди 23:00 - Гулнора Каримова ижтимоий ташаббусларни қўлламоқчи - Хашарга чиқсанг чиқмасанг, пулини тўлаб қўй 13:00 - «Наҳ
23:30- “Бирлик” вакили Украина Ички Ишлар вазири ва вазирликнинг бошқа ходимлари билан учрашди

Украинадаги ўзбек сиёсий қочқинлар жамиятининг шу йил 28 фералда Киевда ўтказган пикетлари ҳақида 1 мартда берган хабаримизда, Украина Ички ишлар вазирлигиниг ходимлари вазирнинг шахсан ўзи ўзбеклар билан учрашиш ниятида эканлигини билдирганини айтгандик.

Ҳозир маълум бўлишича, кеча, 9 мартда, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Исмоил Дадажон вазирликка таклиф қилинган. У аввал Украина Ички ишлар вазири Юрий Луценко билан қисқа сухбат қилган. Вазир ўзбек сиёсий қочқинлари масаласи билан яқиндан шуғулланишни ўз ўринбосари генерал Рудикга топширганини билдирган ва бошқа шаҳарга кетаётгани сабали ҳамма масалаларни у ва вазирликнинг бошқа ходимлари билан гаплашиш кераклигини айтган.

Эслатиб ўтиш керакка, жаноб Луценко Украинанинг тарихида илк марта милиция ичидан чиқмаган вазирдир. У зарғалдоқ инқилобига қадар бир газетанинг бош муҳаррири лавозимида ишлаган ва 2001 йилда “Кучмасиз Украина” ҳаракатига асос солиб, уни бошқариб келган. Инқилоб кунлари Юрий Луценко Исмоил Дадажон билан бир неча марта инкилобчиларнинг “чодирли шаҳарчасида” кўришган.

Вазирлик ходимлари билан учрашув Исмоил Дадажоннинг ўз сўзлари билан қуйидагича ўтибди.

“Вазир ўринбосари генерал Рудик ва вазирликнинг 2 бўлими раҳбарлари билан расмий қабул маросимлари ўтказиладиган залга кирдик. Бир бирига параллель шаклда қўйилган узун столларнинг бирида генерал Рудик ва икки бўлим раҳбарларининг исм-шарифлари ва лавозимлари ёзилган картон қоғозлар ўрнатилган бўлиб, қаршидаги столда эса “Бирлик” партияси раисининг ўринбосари, Украинадаги сиёсий қочқинлар жамиятнинг раиси Исмоил Дадажонов” деб ёзилаган картон қоғоз ўрнатилганди. Тўғрисини айтсам, Украина вазирлигининг юқори лавозимли ходимлари мени бундай қабул қиладилар деб ўйламагандим. Аммо, уларнинг партиямизга, ўзбек қочоқларига бўлган муносабатлари мени жуда қувонтирди.

Аввалига, генерал Рудик Украинадаги сиёсий аҳвол хусусида қисқа маълумот бериб, ўз ҳукумати ўзбек қочқинларининг муаммоларини яқиндан ўрганаётгани ва уларга ёрдам бериш учун керакли тадбирлар ишлаб чиқилганини айтди. Унинг билдиришича, ҳозир Украинада 12,5 минг атрофида ўзбек қочқини бор. Уларнинг 4 мингига бу ерда яшаш учун расмий рухсат берилган, яна бир неча минг киши “сиёсий қочқин” мақоми олган, қолганлари эса нолегал яшашмоқда. 11 ўзбек фуқаросининг Ўзбекистонга депортация қилинишидан кейин, кўп ўзбеклар ўз тақдирларидан хавотирда эканлиги ҳам маълум. Украина тарафи бор муаммоларни украинларнинг гуманистик анъаналари ва халқаро қонунлар доирасида ечишга ҳаракат қилади.

Генерал Рудик ўзбек қочқинларига оид масалалaрни ҳал қилишда “Бирлик” Партиясининг бу ердаги вакиллари ва ўзбек қочқинлар жамияти билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Мен бир гуруҳ ўзбек қочқинларининг Ўзбекистонга депортация қилинишл хусусида Украина Хавфсизлик Хизматидан ҳали ҳам қониқарли жавоб олмаганимизни айтгандан сўнг, қолган қочқинларнинг аҳволи, уларнинг муаммолари ҳусусида гапирдим. Биз Украинанинг иқтисодий аҳволи ҳали жуда яхши эмаслигини тушунамиз, дедим мен, шу сабабли қочқинларнинг асосий қисмини учинчи мамлакатларга чиқариб юбориш учун урунмоқдамиз. Бу ишлар билан БМТнинг тегишли органлари шуғулланмоқда. Бу иш вақт талаб қилади. Шу замон ичида Украина Ички ишлар вазирлигининг ходимлари, қолаверса, оддий милиционерлар уларга қўлларидан келганча ёрдам берсалар яхши бўларди”.

Украиналиклар бу масалалар бўйича қуйи органларга керакли кўрсатмалар берилажагини, аммо катта бир мамлакатда баъзи муаммолар ҳам чиқиши мумкинлигини, улар чиққан заҳоти ўзларига мурожаат қилишни сўрадилар.

Бу каби учрашувларни давом эттириб боришга келишилди."

23:00 - Гулнора Каримова ижтимоий ташаббусларни қўлламоқчи

Бугун, 10 мартда Тошкентда ўтказилган бир Форумда "Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш" жамғармасини тузишга келишилди. Форумни Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бевосита бошқарадиган "Ўзбекистон маданияти ва санъати" ҳамда "Мехр нури" жамғармалари ташкил этган экан. Кўплаб нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик марказлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган йиғилишнинг номи "Ўзбекистонда хайрия фаолияти: анъана, имконият, истиқбол" деб аталибди.

Форум доирасида Ўзбекистонда хайрия, саҳоватпешалик тадбирларини амалга ошириш, ҳомийлик фаолияти билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Кўринишидан, дейди мухбиримиз, ҳукумат бу соҳани ҳам жиловлаб олиш йўлига ўтган.

Хашарга чиқсанг чиқмасанг, пулини тўлаб қўй

11-12 март кунлари Ўзбекистонда Умумхалқ хайрия хашари кунлари деб эълон қилинди. Мазкур тадбир доирасида ободончилик, кўкаламзорлаштириш, кўча ва хиёбонларни тозалаш ишлари бажарилади. Президент девони ҳамда "Маҳалла" хайрия жамғармаси томонидан берилган кўрсатмага кўра, хашарга қатнашиш-қатнашмаслигидан қатъий назар барча ташкилотлар бир кунлик меҳнат ҳақини хашар жамғармасига ўтказишлари лозим.

13:00 - «Наҳот, бу миллатнинг шоири йўқдир?!»

Бугун электрон почта орқали Дилмурод Саййиднинг шоир Рауф Парфи ҳақидаги бир лавҳаси ва шоирнинг турмуш ўртоғи билан ўтказган суҳбати матнини олдик. Уларнинг иккаласи ҳам “Ҳаракат” журналининг навбатдаги сонида чоп этилади. Бу ерда эса, Дилмурод Саййиднинг шоир ҳақидаги лавҳасинигина келтирмоқдамиз.

* * *

Адабиёт олами

ШОИР ҚОЛДИРГАН ДУНЁ

Наҳот, иймон ўчган, топталган ҳуқуқ?
Наҳот, бу миллатнинг қаҳрамони йўқ?

ЎЗБЕК шеъриятининг Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Абдураҳмон Водилий каби иймонли шоирлари билан ёнма-ён туришга ҳақли бўлган БУГУНГИ вакили Рауф ПАРФИ эди.

У ҳаётининг сўнгги ўн йилида учта шеърий тўпламни ўз қўли билан нашрга тайёрлади. Минг афсуски, тириклигида бу тўпламлар қўлёзмалигича қолаверди. Бунинг ўзига яраша дунёвий сабаблари борки, бу «сабабу боис»ларни изоҳлашга сизу бизнинг ақлимиз ҳам, илмимиз ҳам, дунёқарашимиз ҳам торлик қилади. Фақат биттагина изоҳ билан чеклана оламиз, холос. Яъни, юқорида таъкидлаганимиздек, Рауф Парфи ўзбек шеъриятининг Чўлпон... каби иймонли шоирлари билан ёнма-ён туришга ҳақли бўлган бугунги Ўзбекистондаги ЯГОНА ВАКИЛИ эди. Айнан шу ҳақлилиги унинг ўнлаб ҳуқуқлари норасмий тарзда чекланишига асос бўлганлиги муболаға эмас! Шу ўринда фикримизга қувват сифатида Рауф Парфи шеъриятидан мисралар ўқийлик:

«Тириклик синчини, авом тинчини
Синдирдинг - кўксимнинг синиқларини.
Эрларнинг сиртини, аёл ичини
Булғотдинг - сувларнинг тиниқларини...

... Не-чун виждонини сотиб яшайдир,
Не-чун қуллигидан бехабар ҳар қул?
Не-чун зулм яшар, зулм ошайдир?!
Ҳақсиз оломоннинг тириклиги шул!..»

Ушбу сатрлар шоир вафотидан кейин - 2006 йил қиш охирларида чоп этилган янги китобидан олинди. «СЎНГГИ ВИДО» деб номланган бу шеърий тўплам Рауф Парфининг рафиқаси Сулҳида Ёлғиз саъй-ҳаракатлари ҳамда филолог-олим Улуғбек Ҳамдам фидойилиги билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий Кутубхонаси нашриётида чоп қилинган. Бу тўплам, таъбир жоиз бўлса, нафақат Ўзбек адабиёти ва китобхонларининг, балки МИЛЛАТИМИЗнинг маънавий ютуғи, Ўзбек шеъриятининг кейинги ЎН ЙИЛдаги энг эътиборли, ижобий силжишидир. Зеро, шоирлиги учун эмас, маддоҳлиги учун мансабу унвон тақиш, киборлар даврасидан ўрин топиш удумга айланган бугунги кунда Рауф Парфининг: «... Ўзим - халқман, ўзим - оломон, мен - Шоирман, ахир...» дея олиши ўзига хос камтарлик, хокисорлик ва беқиёс матонатдир. Ва Рауф Парфигина шундай дейишга ҳақли эди!..

«Сўнгги видо» тўпламини бир-бир варақлайман. Фақат ўқий оламан, холос ундаги сатрларни. Изоҳлаб беришга мендаги мантиқ илми анчайин саёзлик қилади. Шу боис фақат ўқийман, қайта-қайта ўқийман:

«... Сен - Шоир, мангулик охират каби.
Шеърият - ибтидо, шеърият - охир.
Изтиробдан Ўлмас Шоирнинг қалби,
Шоирнинг онаси Изтироб ахир!»

Бу - шунчаки ташбеҳ эмас, чин Шоирнинг таржимаи ҳоли! Бу «Таржимаи ҳол» Иймон қўлию Эътиқод қалами билан аввал Юрак қатига битилган бўлади. Уни Яратганнинг ўзи лавҳ этиб қўяди. Қолганини эса, Шоирнинг маънавияти Халққа етказиш учун қоғозга тушуради.

Бугунги шеърият иккига бўлинган:

1. Халққа етказиш учун қоғозга тушурилган Изтиробли шеърият!

2. Шоирликни маддоҳликдан фарқламай яратилган шеърият.

Биринчи тоифа шеърият жуда кам эълон қилинадиган, доимо таъқиб ва тазйиқда бўладиган Изтироблар ҳосиласи. Бу тоифага кирувчилар ХХ асрда анчагина эди. ХХI асрда эса...

Келинг, яхшиси Рауф Парфининг янги шеърий тўплами «Сўнгги видо»дан ўқийлик:

«Иймон қайда, билмас қаттол, жавонмарг
Дам кўкка боқадир, дам ерга боқар.
Аламзор қўйнида эзилган бир барг,
Сўнгги Унут сўзин дарёси оқар...
Даврлар қаърида инграйдир башар
Айтадир: «Шоир йўқ, шеърият яшар!»
(«Йўловчи» шеъридан, 2001)

* * *

«Маъбадлар тобламиш ўзига башар,
Онларин ичинда энг шуми шайтон.
Ўликлар устинда машварат, ҳашар,
ТоҚ келбат йигитлар майити майдон.
Ирфоннинг қўлларин, қанотин кесдинг,
Ёвуз саодат-сен, ёнглишқон кўлка.
Остингда ётқонни бағрингда эздинг,
Тепангга минганни ирғитдинг кўкка...
...Инсонни таҳқирлаш йўллари кўпдир,
Бошинда палахмон, жигаринда ўқ.
Ютгани оғудир, топгани чўпдир.
Наҳот, иймон ўчган, топталган ҳуқуқ,
Наҳот, бу миллатнинг қаҳрамони йўқ,
Наҳот, бу миллатнинг шоири йўқдир?!»
(«Сиёвуш» шеъридан)

Рауф Парфининг «Cўнгги видо» тўпламини варақлар эканман, 1983 йили ёзилган «Абдулҳамид Чўлпонга мухаммас» эътиборимни тортди. Уни ўқир эканман, бир аср оралиқда икки шоир қарашларида сира тафовут сезмадим, аксинча Рауф Парфи сатрлари Чўлпон мисралари билан уйғунлашиб, яхлитлик касб этганлигига ҳайратландим:

«Аллоҳ, Аллоҳ йиғлаюрсан булутдек
бағри сўзонсан,
Мунавварсан, мукаррамсан, рисолат
туғида шонсан,
Сен Каъбасан - Туркистонсан, хунимсан
сен ахир қонсан,
Тириксан, ўлмағонсан, сен-да Одам,
сен-да Инсонсан,
Бўйин эгма, кишан кийма, ки сен ҳам
ҳур туғилгонсан!»

Назаримда, икки Иймон ва Эътиқод соҳиби биргаликда даъват этаётгандек!.. Яна тушунишимча, Рауф Парфи комиллик остонасига етиб улгурган эди. Аммо бу қутлуғ остонага етганлигини биз 2003 йил ёзган «Тҳакурнинг охирги шеъри» сарлавҳали мисраларидан қисман англашимиз мумкин. Чунки тўлиқ англаш имконимиз чекланган - Рауф Парфидек Изтиробимиз - шеъриятимиз йўқ!

Гарчи бу битиклар «Тҳакурнинг охирги шеъри» деб номланса-да, изтироб фарзанди - шоир Рауф Парфининг қалби муҳрланган мисраларда:

«... Бу қандай каҳкашон? Бу қайси иқлим?
Алдандимми туғилиб? Ростми? Ё ёлғон?..
Эй, менинг паришон, эй шўрлик халқим,
Бағрим, қачон туғиласан, сен, қачон?!
... Ўзимни топканда сизни қидирдим,
Унутдим ўзимни, топдим еримни.
Мен сизга бир дунё дунё қолдирдим —
Мен сизга қолдирдим қонли шеъримни!..»

Мен Рауф Парфини кўрган-таниган, ҳамсуҳбат, ҳамфикр бўлган бир мухлисиман, холос. Унинг салоҳияти, изтироб мезони, сатрлари хусусида ўзимдан ўзгага изоҳ билдиришга буткул ожизман. Чунки Уни яхшироқ билиш учун ҳам Шоир шеърларини ўқиш, уқиш зарур. Унинг дунёси - шеъриятида! Бу дунёга разм солиш ва англаш учун, энг аввало - Иймон кишиси бўлиш, сўнгра Рауф Парфига мухлис бўлмоқ мумкин.

Зеро, бу фикрни Рауф Парфининг қуйидаги сатрлари ҳам тасдиқлайди:

«Менинг отам - Одам, момом - Ҳаводир,
Менинг Туркистоним ёрилган ерим.
Менинг фароғатим улуғ жафодир,
Менинг етим болам - севгили шеърим!
Менинг илк шиорим Исфидан Зардўшт,
Муҳаммаддир Расулуллоҳ паноҳим пирим.
Менинг лашкаримдир ҳар душман, ҳар дўст,
Менинг тирик нолам - севгили шеърим!

Дилмурод САЙЙИД