09 March 2006
04:00 - 23:30 - "Чўнтак" партияларнинг интернетдаги веб-сайтлари ишга тушди - Японлар билан грант шартномалари имзоланди - "Пўш, Шавкат Мирзиёев келяпти!.." 12:00 - Давлат Департаментининг инсон ҳуқуқларига оид 2005 йил ҳисоботи - Ва
23:30 - "Чўнтак" партияларнинг интернетдаги веб-сайтлари ишга тушди

Бугун, 9 мартда халқаро Интернет тармоғида Ўзбекистондаги аксарият чўнтак партияларнинг веб-сайтлари ишга тушди. Хусусан, Ўзбекистон ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати бўлмиш Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг www.uzlidep.uz, Ўзбекистогн Халқ демократик партиясининг www.xdp.uz ҳамда Фидокорлар миллий демократик партиясининг www.fidokorlar.uz веб-саҳифалари фаолият бошлаган.

Мазмун-мундарижасига кўра, ҳозирча мазкур сайтлар бирмунча ғариб, яъни сайтда мушодадали-таҳлилий мақоллар эмас, партияларнинг низом ва дастурлари, баъзи навбатчи режалари тафсилоти ўрин олган, холос.

Японлар билан грант шартномалари имзоланди

7 мартда Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Япония ҳукуматининг бир неча кичик ижтимоий лойиҳаларга мўлжалланган грант шартномалари имзоланди. Мазкур грантлар Сирдарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги мактаб ва шифохоналарни асбоб-ускуналар билан таъминлашни кўзда тутади. Грант миқдори 404 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, уни имзолашда Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юуичи Кусумото иштирок этди.

"Пўш, Шавкат Мирзиёев келяпти!.."

Москвадаги Басманний бозорида содир бўлган бахтсиз ҳодисадан сўнг Тошкент бозорларида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Хусусан, 28 февраль куни Тошкент бозорларига чиққан Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, усти ёпиқ бўлган ҳар қандай савдо расталари бозорлардан олиб ташланмоқда. Бу шу кунларда ҳақли равишда тужжорларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлиб, аҳвол Чорсуда уларнинг тўпланишигача борган.

Бош вазирнинг бозорлар хавфсизлиги борасидаги ташвиши аҳолига кимматга тушадиганга ўхшайди. Бозорлардаги бесаранжомлик, ўз махсулотларини бозор атрофида нисбатан арзон сотувчи дехқонларнинг қувилиши харидорларнинг ранжишига сабаб бўлаётир.

12:00 - Давлат Департаментининг инсон ҳуқуқларига оид 2005 йил ҳисоботи

АҚШ Давлат Департаменти “Дунё давлатларида инсон ҳуқуқларига оид аҳвол, 2005” номли ҳисоботини эълон қилди.

Давлат Департаментининг “Демократия, Инсон ҳуқуқлари ва Меҳнат” Бюроси томонидан тайёрланадиган йиллик ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисми сал кам 26 саҳифага яқин бўлиб, унда Ўзбекистондаги аянчли аҳволнинг расми тўла чизилган.

Ҳисобот ҳар йилдагидек: “Ўзбекистон 26,9 миллион аҳолига эга бўлган автократ давлатдир” деган баҳо билан бошланади. Унинг илк қисмида Ўзбекистондаги сиёсий системанинг моҳиятини тўла очиб берувчи анализ берилган бўлиб, кейинги қисмларда сон-саноқсиз мисоллар билан бу кунги вазиятнинг моҳияти очиб беришга ҳаракат қилинган.

Табиий, Андижондаги қонли воқеалар ва ундан кейин ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар ва мухолифат фаолларига қарши ўтказилган тазйиқларни ёритиш катта жой олган. Ҳисоботнинг сиёсий эркинликларга бағишланган қисмида 2005 йил март ойида Адлия вазирлиги 5-чи марта “Бирлик” Партиясининг рўйхатдан ўтиш хусусидаги аризасини рад этгани таъкидланган.

Сўнгги ойларда қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва мухолифатдаги партиялар фаолларининг исмлари ва уларнинг қамалишига оид фактлар битталаб санаб чиқилган.

Ҳисоботда тилга олинган факт ва воқеалар ўз вақтида “Ҳаракат” сайтида мунтазам ёритиб борилгани сабабли бу хусусда шу қисқа маълумот билан чекланиш тўғри бўлса керак, дейди мухбиримиз.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 16 март куни ушбу ҳисоботнинг тақдимотини Тошкентда ўтказажагини билдирди. Бу тадбир қаерда бўлиши ҳали аниқлаштирилмаган.

Вашингтон Пост газетаси Ўзбекистондаги сўнгги суд жараёнлари ҳақида

Газетанинг 7 март сонида “Ўзбекистон мухолифат лидери ва ҳуқуқ ҳимочисини қамоққа ташлади” номли каттагина мақола эълон қилинган.

“Кичик бир мухолифат гуруҳи бўлмиш “Қуёшли Ўзбекистон” коалициясининг лидери 49 ёшли Санжар Умаров иқтисодий айблар билан сал кам 11 йилга қамалди, у октябрь ойида президент Каримовни Андижондаги қонли воқеалар бўйича айблагани учун ушланганди”, деб гап бошлаган Питер Финн, сўнгги ойлар ичида энг камида 20 фаол қамалгани ёки юртини ташлаб кетишга мажбур бўлганини ёзади. Мақолада ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг суди ва унинг 8 йилга қамалиши ҳам тилга олинган.

Муаллиф мақоланинг сўнгида Ўзбекистон ҳукумати Гуржистон ва Украинадаги воқеалардан кейин ноҳукумат ташкилотларга ҳужум бошлаганини ёзар экан, сўнгги мисоллар сифатида Фридомхауз ва Евраосиё Фондининг Тошкентдаги офислари суд қарори билан ёпилганини келтиради.

Айни кунда Вашингтон Таймс газетаси ҳам шу икки ташкилотнинг Тошкентдаги офислари ёпилгани ҳақида тафсилотли мақола чоп этди.