02 May 2010
01:17 - “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси ўтди
Бугун Тошкентда “Бирлик” Партияси вилоят ташкилотлари раисларининг йиғилиши ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик. Кейин, маълум бўлишича, бу йиғилишга партия Марказий Кенгаш Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси мақоми берилган.

Мажлисга Андижон ва Наманган вилоятидан ташқари, барча вилоят ва Тошкент шаҳар ташкилотларининг вакиллари етиб келишди. Хусусан, партия раисининг ўринбосарлари Холиқназа Ғаниев, Дайнов Ташанов ва Ҳамдам Сулаймоновлар шу ерда ҳозир бўлишди. Шунингдек, мажлис давомида партия раиси Абдураҳим Пўлат Вашингтондан, раис ўринбосари Пўлат Охун Швециядан, Андижон ташкилотининг раҳабри Акбарали Ориф Даниядан телефон орқали боғланиб, мажлисда феълан иштирок этишди.

Мажлис пайтида бу ерга телефон қилган партиянинг Наманган вилояти бўлими раиси Носир Зокир Фарғона водийси ва Тошкентни боғловчи довон йўлида тутиб қолинганини маълум қилди. У бугун эрталаб уйига келган Наманган вилояти ИИБ мулозими, подполковник Муҳиддин Қориевнинг Тошкентга бормаслик ҳаидаги пўписасига қарамасдан йўлга чиққан экан.

Носир Зокирни ҳам мажлис иштирокчиси деб ҳисоблаб, расмий баённомага мажлисда 14 кишининг қатнашгани қайд этилди.

Йиғилишнинг кун тартибидаги асосий масала - Андижон воқеаларидан кейин тўхтаб қолган - партияни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиш жараёнини давом эттириш масаласи эди.

Партия Бош котиби Васила Иноят партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг бугунги мажлисда кўриладиган масалалар бўйича ёзиб юборган мурожаатини ўқиб эшиттирди. Унда хусусан қуйидаги сўзлар бор:

“Ўзимизни алдаб ўтирмайлик, Ўзбекистонда “Бирлик”дан бошқа мухолиф гуруҳи ҳозир йўқ. Яқин орада пайдо бўлмайди ҳам. Келажакда, қачонлардир, номенклатура мухолифати пайдо бўлиши мумкин. Йўқдан кўра, у ҳам яхши, лекин биз уни кутиб ўтиролмаймиз. Демак, фаолиятимизни яна бир марта қайтадан жонлантиришдан бошқа йўлимиз йўқ. Бу – мамлакат, миллат олдидаги бурчимиз, буни баландпарвоз гаплар сифатида эмас, мажбуриятимиз сифатида қабул қилиш керак.

Фаолиятни жонлантириш учун аввал жойларда ташкилотларни кучайтирайлик ва уларни мустаҳкам қилайлик, сафимизга ёшларни тортайлик, деган гаплар - қуруқ гапдан бошқа нарса эмас. Маҳаллий ташкилотларни кучайтириш ҳам, ёшларнинг келиши ҳам, жиддий фаолият доирасида бўлади. Демак, биринчи навбатда, жиддий фаолиятни бошлашимиз ва айнан шу фаолият давомида ташкилотни мустаҳкамлашимиз керак...

Ҳозир партияни рўйхатдан ўтказиш ишини амалий рельсларга қўйиш керак. Бунинг учун қуйидаги механизмни таклиф қиламан.

- ҳар бир вилоятдан камида юз нафар партия аъзоси “Эзгулик” номига ариза ёзади (нусҳалари – Адлия вазирлигига, Ўзбекистон президентига, Омбудсменга) ва Адлия вазирлигининг ҳамма талабларини бажаришимизга қарамасдан, вазирлик бизга ҳалигача расмий жавоб бермагани, бунинг устига, вазирлик бошқармасининг жавоби жавоб ҳисобланмаслигини ҳисобга олиб - сиёсий ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишни, бизга ёрдам беришни “Эзгулик”дан сўрайди. Кейинчалик МК мажлиси ўтказсак, МК ҳам айнан шундай ариза билан “Эзгулик”ка мурожаат қилади. Шунинг учун юзлаб, қани энди, минглаб аризалар уюштиролсак катта иш бўлади.

- Бунинг асосида “Эзгулик” иш бошлайди, иш судларга олиб чиқилади ва ҳоказолар. Бу ишнинг тафсилий механизмлари ҳақида иш бошлангандан кейин ҳам ўйлай берамиз.

- Тахминан мингта ариза қилдириш шартлигини тушуниш керак. Масалани оммавийлаштириб, бутун дунёга эшитиладиган шовқун-суронга айлантирамиз. Бу масалани ҳамма халқаро ташкилотлар, ЕИ, ЕХҲТ доираларида кўтарамиз.

- Бу ишни қилиш учун керак бўладиган молиявий эҳтиёжлар устида доимо ишлаймиз. Ҳозир бошланғич қадамлар учун маблағ бор.”

Кун тартибининг бу масаласи мажлисда қизғин муҳокама қилинди. Партия раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймон Адлия рўйхатидан ўтиш бугун алоҳида долзарблик касб этаётганини таъкидлаб, йиғилганларни бу борада фаолликка чақирди. Яна бир раис ўринбосари Дайнов Ташанов Адлия вазирлиги билан ҳуқуқий майдондаги кураш тактикаси борасидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Холиқназар Ғани рўйхатдан ўтиш ва тактик йўналишда партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг ҳақлигини эътироф этиб, самарқандликларнинг курашга шайлигини билдирди. Партиянинг Сирдарё бўлими раиси Исроил Ризо сиёсий ҳуқуқларнинг ҳимояси билан шуғулланиш «Эзгулик» учун ҳам муҳим аҳамият касб этишига ҳамманинг эътиборини қаратди.

Партиянинг Фарғона вилояти ташкилоти лидери Адҳам Муҳиддинов, Хоразм вилояти ташкилоти раҳбари Комилжон Жуманиёзов, Қорақалпоғистондаги раиси Мамашариф Йўлдошев, МКнинг қашқадарёлик аъзоси Зулфиқор Мирзо, партиянинг Тошкент шаҳар ташкилоти раиси Ҳайитбой Абдуллаевлар ҳам бу фикрларни қўллаб қувватлашди.

Мажлис қатнашчилари шу йўналишда иш бошлашга қарор қилдилар. Партия Марказий Кенгашининг мажлисини шу йил июль ойида ўтказиш хусусида ҳам келишдилар.

Кун тартибидаги иккинчи масала - юрт ташқарисига чиқиб кетиб, амалда ҳеч қандай фаолият олиб бормаётган “Бирлик” фаолларига муносабат билдириш бўлди. Маълумки, “Бирлик”даги сиёсий фаолияти туфайли режимнинг босими остида қолганини рўкач қилиб, сиёсий қочқин мақоми олган ва ҳозир чет элларда яшаётган партия фаоллари, ҳатто бир неча МК аъзоси бор. Бугунги мажлис қатнашчилар ўша фаолларни, ҳозирча исм кўрсатмасдан, огоҳлантиришга келишдилар. Уларнинг фикрича, чет элдаги фаоллар ватан, миллат ва партия олдидаги маъсулиятларини эсдан чиқармасликлари ва юрт ичкарисидаги партия фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшишлари шарт.

Учинчи масала – партиянинг моддий базасини яратиш мақсадида қилинадиган ишларнинг муҳокамаси бўлди. Йиғилиш қатнашчилари, ҳозирги босқичда, “Ҳаракат” сайтида бошланган “Юзга юз минг!” кампаниясини қўллаб қувватлаш, “Ҳаракат” агентлигини янгиликлар билан таъминлаш ишига имкон доирасида ҳисса қўшиш лозим деган фикрга келдилар.

Шу билан “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси ўз ишини тугатди.