16 August 2010
04:40 - “Бирлик” лидери сафдошлари билан телефон орқали гаплашиб, иш режаларини маслаҳатлашди
Кеча ва бугун партия раисининг ўринбосарлари Пўлат Охун ва Ҳамдам Сулаймон ҳамда партия Бош котиби Васила Иноят билан телефон орқали гаплашган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат партия фаолиятини жонлаштириш бўйича шу йил 1 майда ўтказилган Марказий Кенгаш Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида олинган қарорларнинг бажарилиши ва келажак режалари хусусида гаплашди.

Маълумки, Марказий Кенгаш Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида партияни Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтказиш масаласини қайтадан кун тартибига олиб келиш ва бунинг учун ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг, биринчи навбатда, дунёга машҳур ”Эзгулик” жамиятининг имкониятларидан фойдаланиш ҳамда бу масалани ҳамма халқаро ташкилотлар, ЕИ, ЕХҲТ доираларида кўтариш режалаштирилган эди.

Мухолифатнинг асосий, балки, ҳозир ягона кучи бўлиб қолган “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш масаласига Ғарб мамлакатлари, Европа Иттифоқининг тегишли органларининг диққатини жалб қилдик, деган Абдураҳим Пўлат, бунинг амалий натижасида сифатида Пўлат Охун раҳбарлигидаги бир гуруҳ ўзбек демократларининг май ойи охири ва июнь ойи бошларида Стокгольм ва Брюсселда бўлиб, Швеция ташқи ишлар вазирлиги ва Швеция парламенти ҳамда Европарламент ва Еврокомиссиядаги учрашувларини эслатди.

Шу йил 3 июнда Тошкентда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морель билан учрашган “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят ҳам меҳмоннинг диққат-эътиборини “Бирлик”ни рўйхатдан ўтказиш масаласига тортди. Бир неча кун аввал Буюкбританиялик дипломатлар билан Қўқонда учрашган Ҳамдам Сулаймон билан айнан шундай қилди.

Энди кейинги ишларни жадаллаштиришимиз лозим. 1 май йиғилишида партия аъзолари ва унинг тарафдорлари тарафидан “Эзгулик” номига оммавий шаклда аризалар уюштириш ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан бу масалада ёрдам сўраш ҳақида келишгандик. Шу ишни ҳозир жадаллаштириш лозим. Бунинг учун вилоят ташкилотларида йиғилишлар уюштириб, бу ишга маъсулларни белгилаш ва тезда амалий босқичга ўтиш керак.

“Бирлик” фаоллари бу йўналишда қилиниши керак бўлган қадамлар, хусусан, бундай кампанияни моддий таъминлаш масалаларни маслаҳатлашдилар.