08 January 2010
02:25 - Прокуратура журналистлар фаолиятини тафтиш қилмоқчи

Бугун Тошкент шаҳар прокуратураси журналистлар Сид Янишев, Марина Козлова, Василий Марков, “Озодлик” радиосининг собиқ мухбири Ҳуснидин Қутбиддинов, “Америка овози” мухбири Абдумалик Бобоев (у чақирув оғзаки бўлгани учун бормаган - Ҳаракат) ларни прокуратурага чақириб, улардан тушунтириш хатлари олган. Шаҳар прокурори ёрдамчиси Баҳром Нурматовнинг (тел: 998 71 277 67 02) таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Миллий Хавфсизлик Хизмати журналистларнинг хорижий оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғидаги чиқишларидан иборат каттагина материал тўплаган ва уларга нисбатан қонуний чора кўриш учун прокуратурага берган.

Журналистларнинг айтишича, суриштирув даврида улар томонидан эълон қилинган материаллар бир томонлама, давлат сиёсатига қарши ҳамда нолегал фаолият туфайли юзага келаётгани қайд этилган. Суҳбат чоғида бир неча ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакилларининг номлари тилга олиниб, улар билан журналистларнинг муносабатлари борасида изоҳ сўралган.


Прокурор ёрдамчисининг ишорасига кўра, ҳали сўроқ қилинадиганларнинг рўйхати узун кўринади. Унинг иш тортмасига йиғилган материаллар орасида турли даврларда Ўзбекистон телевидениесида кнамойиш этилган кўрсатувлар, матбуотдаги мустақил журналистларга қарши чиқишлар ҳамда махфийлик белгиси қўйилган бир қанча материаллар бор экан, дейди прокуратурада бўлган журналистлардан бири. Шунингдек, материаллар орасида журналистлар номига хориждан тезкор пул ўтказмалари орқали келган маблағлар ҳақидаги банк ахборотномалари, хориждаги шахсларнинг исми-шарифи қайд қилинган рўйхат ҳам мавжуд.

Воқеаларинг ривожи кейинги хабарларимизда.