16 September 2010
03:46 - “Америка овози” радиоси мухбири Абдумалик Бобоев иши судга чиқарилган
Мазкур радионинг Ўзбекистондаги мухбири Абдумалик Бобоев (Малик Мансур) Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ҳақорат, туҳмат, давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш ҳамда жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатишда айбланган. Журналистнинг таъкидлашича, ҳозирда тергов ҳаракатлари якунланиб, айблов хулосаси тайёр бўлган. Тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратураси терговчиси Ҳусан Ҳусанов томонидан олиб борилган, суд маҳкамаси қачон бошланиши ҳақида маълумот йўқ.

Маълумки, АҚШнинг бу радиоси жаҳон бўйлаб демократик ғоялар тарқатиш билан шуғулланади. Аммо, радионинг ўзбек хизмати бундай ишлардан йироқ туради, хусусан, Ўзбекистон мухолифатининг фаолиятини мутлақо ёритмайди, демократик қадриятларни тарғиб қилиш билан шуғулланмайди. Шу сабабли, нима билан машғуллиги ҳам маълум бўлмаган Малик Мансурнинг давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтиши орқасида қандайдир қора ишлар бўлиши мумкин.