Аввалги хабарларимиздан маълумки, Озорбайжонда эр-хотин ҳуқуқ ҳимоячилари Лейла ва Ариф Юнус Арманистон махсус хизматларига ҳарбий сир бўлган маълумотлар етказиб бериш ва арманиларнинг разведкасига ишлайдиган агентлар ёллаш каби сохта айблар билан 2015 йилнинг ўрталарида 8,5 ва 7 йилга озодликдан маҳрум этилгандилар. Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида, табиий, Ғарбнинг босими остида, уларни олдинма-кетин қамоқдан чиқариб, уй қамоғига маҳкум эттилар.
Озорбайжонда мухолифатга яқин бўлган ахборот воситаларининг хабарига кўра, 1 ҳафта олдин Лейла ва Ариф Юнусга Голландияга чиқиб кетиш имкони берилибди. Ҳозир улар Берлиндаги хайрия касалхонасида даволанишга бошлабдилар.
Бу инсон сифати борларни хурсанд қиладиган воқеа. Унинг иккинчи тарафи шундаки, Ғарбнинг босими билан Озорбайжон диктатори Илҳом Алиев ҳам ҳисоблашишга мажбур. Айнан шундай фикрни ўзимизнинг диктатор Ислом Карим ҳақида ҳам айтиш мумкин.
Расмда – эр-хотин Лейла ва Ариф Юнус қамалмасдан аввал.