10 August 2015
02:04 - Озорбайжонда ҳам Сталинча диктатура тикланмоқда, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларга қарши уруш эълон қилинган, мухолифат эса тарқоқ, яна Абдураҳим Пўлат ҳақли чиқмоқда

Аввалги хабарларимизда, масалан, шу йил 26 февралдаги хабаримизда, бир маҳаллар Озорбайжон Халқ Фронтининг Бош котиби вазифасини ҳам бажарган, ҳозир эса Тинчлик ва Демократия Институтининг директори бўлган Лейла Юнус 2014 йил 31 июлда ҳибсга олингани ва унга гўёки 1992 йилдан бошлаб, айниқса, 2002 йилдан кейин, Арманистон махсус хизматларига ҳарбий сир бўлган маълумотлар етказиб бериш ва арманиларнинг разведкасига ишлайдиган агентлар ёллаш айблари қўйилгани, кейинчалик, унинг эри Ариф Юнус ҳам, касаллигига қарамасдан, ўша айблар билан ҳибсга олинганини билдирган эдик.

Бу йил ойида Лейла ва Ариф Юнус устидан суд ҳам бошланди. Улар жиддий касал бўлишларига қарамасдан, ҳали ҳам қамоқдалар. Суд пайтида Ариф Юнус бир неча марта ҳушидан кетиб, йиқилиб ҳам қолди, аммо докторлар келиб, уни дорилар билан оёққа турғаздилар, суд давом этаверди.

Озорбажон мухолифатига яқин бўлган ахборот воситалари билдиришича, судда Лейла ва Ариф Юнусга қўйилган айбномаларнинг биронтаси исботлангани йўқ ва исботланадиганга ҳам ўхшамайди. Қолаверса, бу икки миллатпарвар инсонни арманиларнинг махсус хизматларига хизмат қилишда айблаш – КГБчи Ҳайдар Алиевнинг ўғли, Озорбайжоннинг ҳозирги Президенти Илҳом Алиев ҳам КГБга хизмат қилишни давом эттираётганининг кўрсатгичидир.

Лейла ва Ариф Юнусгина Илҳом Алиев режимнинг ҳужуми остида қолгани йўқ. Ҳозир ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва режимдан мустақил бўлган журналистлар ёки қамоққа ташланган ёки қамоққа ташланиш арафасида. 8 август куни эса, номълум одамлар, ҳеч шубҳасиз, режимнинг одамлари, журналист Расим Алиевни ваҳшийларча калтаклаб кетдилар. У кеча эрталаб касалхонада оламдан ўтди ва шу куниёқ тупроққа берилди. У билан видолашиш учун, унинг қариндошларидан ташқари, жуда кўп мухолифатчилар, мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Меҳтиобод қабристонига келдилар ва Расим Алиевнинг ўлимига Илҳом Алиев айборлигини гапирдилар. Расим Алиев “Репортерларнинг эркинлиги ва хавфсизлиги” номли жамот ташкилотининг аввал аъзоси бўлган, кейин раиси этиб сайланган эди.

Европадаги салкам ҳамма давлатларни бирлаштирувчи Европа Кенгашининг (Европа Иттифоқи билан адаштирмалик лозим) раҳбарлари ва раҳбар органлари Илҳом Алиевни огоҳлантирувчи баёнотлар беришлари, ҳатто Озорбайжоннинг Европа Кенгашидаги аъзолиги тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтишлари ҳам фойдасиз қолмоқда. Илҳом Алиев АҚШнинг баёнотларига ҳам эътибор бераётгани йўқ ва демакратларга қарши урушини давом давом этирмоқда.

Бу нарса яна бир марта кўрсатмоқдаки, Ғарбдан кўп нарса кутиш керакмас, муҳим бўлгани, Ғарбга таяниб бўлса ҳам, мамлакат ичида кучли мухолифат яратишдир. Аммо, Озорбойжаннинг бир-биридан фарқини ўзлари ҳам тушунмайдиган демократик мухолифат ташкилотлари қоғозда бирлашган бўлса ҳам, амалда тарқоқ. Худди Ўзбекистонда каби, ҳар бир мухолифатчи фақат ва фақат лидер бўлиб олишни ўйлайди, миллат ва ватан тақдири билан ортиқча қизиқмайди, бунақа масалаларни ва катта сиёсатни тушунмайди ҳам. Илҳом Алиев ва Ислом Каримларга айнан шундай мухолифат керак.

Демак, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг ички уруш очиб бўлса ҳам, миллат ва ватан тақдири билан иши бўлмаган сохта ҳаромий мухолифатчиларни сиёсий саҳнадан йўқ қилиш, миллат ва ватан муаммолари билан шуғулланадиган ягона кучли демократик партия яратиш кераклиги ҳақидаги фикрлари тўппа-тўғри эканлиги Озорбайжон мисолида ҳам кўриниб турибди.