Россия-2 телеканали Россия спорт вазири Виталий Мутко муддатидан аввал ишдан ҳайдалган футбол терма жамоасининг италиялик бош тренери Фабио Капеллога Алишер Усмонов тазминот пули тўлашга бошлаганини билдирди. Маълумки, Фабио Капелло билан Россия Футбол Иттифоқи (РФИ) ўртасида контракт 2012 йил 16 июлда имзоланган эди. Аммо Россия терма жамоасининг кетма-кет келаверган муваффақиятсизларидан кейин Фабио Капеллодан қутилиш масаласи кун тартибига келди. Бу мавзу бир неча ойдан бери Россияда шовқун-суронли воқеага айланар экан, ҳалигача охирига етилмаган тушунмовчиликлар бор.
Бир тарафдан, РФИ Фабио Капеллога ўз вақтида пул тўлолмай, қарздор бўлиб қолгани айтилса, бошқа тарафдан, контракт муддатидан олдин бузилаётгани учун Фабио Капеллога тазминот пули тўлаш ҳақида гапириларди. Учинчи таарфдан, италиялик билан контракт 2 йилга тузилгани, ҳозир уни давом эттирмаслик ҳақида гапирилаётгани, демак, унга тазминот пули эмас, РФИнинг қарзларини тўлаш асосий муаммо бўлаётгани ҳам айтиларди.
Ўша пайтдаёқ, Фабио Капеллога қарз ёки тазминотни, фарқи йўқ, Алишер Усмонов тўлашга ваъда бергани айтилди. Мана энди Алишер Усмонов ваъда қилинган пулларни беришга бошлагани ҳам хабар қилинди.
Яна эслатиб ўтиш керакки, шу йил июнь ойининг охирида Россия ахборот воситалари Кремлнинг расмий билдиришига асосланиб, Россия Президенти Владимир Путиннинг 30 июнда Алишер Усмонов билан учрашиши режалаштирилгани, асосий мавзу спорт ишлари бўлиши ҳақида хабар қилдилар. Аммо, кейинчалик учрашув бўлгани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади. Ҳар ҳолда у бўлмаган.
Хуллас, Россия футболи ва Россиянинг яқингача энг катта бойи бўлган ўзбек аслли Алишер Усмонов атрофидаги шубҳали гаплар ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Аслида, оддий бизнесга айланиб кетган спорт ва хусусан футбол ишлари атрофида фисқ-фасод гаплар кўп, “Ҳаракат” ҳеч қачон улар билан қизиққан эмас. Фабио Капелло атрофидаги воқеаларга эътибор беришимизнинг ягона сабаби – уларга Алишер Усмоновнинг аралашиб қолганидир. Қолаверса, унинг исми атрофида турли гаплар кўп. Ишқилиб, охири хайрли бўлсин.
Расмда – Путин ва Усмоновнинг аввалги учрашувидан лавҳа.