30 June 2015
03:13 - Бугун Владимир Путин Алишер Усмонов билан учрашади

Бу ҳақда маълумот берган ахборот воситалари Кремлнинг ўзи бу ҳақда хабар тарқатганини айтмоқдалар. Масалан, rbc.ru сайти бу хабарни таҳлил қилар экан, асосан Алишер Усмоновнинг спорт соҳасидаги ҳайриячилик/спонсорлик фаолиятига урғу беради, Усмоновнинг яқинда Россия Футбол Иттифоқига футбол тақимининг бош тренери Фабио Капеллога қарз тўлаш учун тахминан 1,4-2 млрд рубль миқдорда пул берганини эслатади. Шуларга асосланган rbc.ru сайти бугун Путин Усмонов билан спорт ишларини гаплашса керак, деб башорат қилишга интилади.

Бу мутлақо хато башорат, дейди мухбиримиз. Учрашув пайтида спорт ҳам тилга олиниши мумкин, аммо асосий мавзу бутунлай бошқа бўлади. Ҳозир, Ғарбнинг санкциялари остида қолган Россиянинг иқтисоди оғир аҳволда. Шундай экан, Путин очиқдан-очиқ Алишер Усмоновга солиқ солади ва давлат бюджетидаги дефицитни қоплаш учун катта пул олади.

Қанча дейсизми? Бу саволга жавоб бериш қийин, аммо бунга оид Путин янги ҳокимиятга келган пайтда пайдо бўлган латифани эслашдан фойда бор. Мана ўша латифа. Путин Росиянинг энг катта бойларидан бири Абрамовични ҳузурига чақириб суҳбатлашибди ва охирида чек китобчасини олдига қўйиб шундай дебди: “Мен сенга пул бермоқчиман. Чекни қанчага ёзай?”. Абрамович “Йўқ, керакмас” дейишларига қарамасдан, Путин ўз сўзидан қайтмабди. Ниҳоят Рабинович дебди: “Майли, 20 млн долларга ёзақолинг”. Путин 20 млн долларлик чекни Рабиновичга берар экан, шундай дебди: “Қолганини давлатга қайтариш керак, азизим”. Яъни, Рабинович ўша пайтдаги 5-6 миллиард долларлик бойлигининг 20 млн доллардан ортиғини давлатга қайтариши ҳақида гапирарди.

Путин Усмоновга қанча долларлик чек ёзишини тахмин қилиш ниятимиз йўқ. Аммо, бу учрашувнинг мақсади шу латифадагидек бўлиши аниқ. Табиий, бу хусусда ҳеч қандай расмий хабар тарқатилмаслиги ҳам ўз-ўзидан маълум.

Эслатиб ўтамиз, миллати ўзбек бўлган Алишер Усмонов 2014 йили Россиянинг энг бой одами бўлиб, унинг бойлиги 20 млрд доллар атрофида эди. Аммо, 2015 йилда унинг бойлиги $14,4 млрд бўлди, бу Россияда учинчи ўринда бўлиш демакдир.

У сўнгги йилларда асосан Англияда яшамоқда. У ҳеч бир ерда Владимир Путинга қарши гапирмаган бўлса ҳам, унинг олиб бораётган сиёсатини унча ёқтирмайди ва шу сабабли Ходорковский каби қамалишдан бўлмаса ҳам, Путиннинг ғазабига учрашдан қўрқади. Бундай шароитда энг яхши йўл – Москвадан узоқроқда, масалан, Лондонда яшаш, айни замонда, ўзбек миллати ва Ўзбекистоннинг муаммаоларидан узоқроқ туриш.

Расмда – Путин ва Усмоновнинг аввалги учрашувидан лавҳа.