22 February 2015
09:14 - Раиси янгиланган Озорбайжондаги “Мусават” Партияси иккига бўлинди, Абдураҳим Пўлат бунга йўл бермасди

Раиси янгиланган Озорбайжондаги “Мусават” Партияси иккига бўлинди, Абдураҳим Пўлат бунга йўл бермасди

Озорбайжонда 1911 йилда тузилган, Совет замонида тақиқланган “Мусават” партияси 1992 йилда қайтадан тикланди. Аслида, 1989 йили тузилган Озорбайжон Халқ Фронти Бошқарувининг аъзоси бўлган Иса Қамбарли 1992 йили Халқ Фронтини парчалаб, “Мусават” партияси номи остида янги ташкилот қурди.

Халқ Фронтининг бундай шаклда парчаланиши Озорбайжон учун ҳеч қандай фойда келтирмади, аммо Ҳайдар Алиевнинг диктатурасини мустаҳкамаланишига ёрдамчи бўлди.

Кейинчалик Озорбайжон Халқ Фронти партияга айланди ва номини Озорбайжон Халқ Фронти Партияси деб ўзгартирди. Мана орадан 22 йил ўтди, Озорбайжон Халқ Фронти Партияси ва Мусават Партияси иттифоқчиликдан кўпроқ рақобатчилик билан вақт ўтказдилар, ҳеч қандай натижага эришолмадилар. Ўтган йили ёз ойларидла “Мусават”нинг раиси Иса Қамбарли истеъфога кетиш ниятини аввалдан очиқлаб, партиянинг қурултойини чақирди. 24 сентябрь куни ўтказилган Қурултойда раисликка 3 номзод даъвогор бўлди. Уларнинг бири сайловларда жуда кам овоз олди, асосий рақиби Губад Ибодўғлидан бир нечтагина кўпроқ овоз кўп олган Ориф Гажили янги раис бўлди.

Бир нечтагина кам овоз олган Губад Ибодўғли сайлов натижаларини расман тан олди, аммо ўша кундан бери партияни парчалаш билан машғул бўлди. Уни партиядан ўчирдилар ҳам. Мана, ниҳоят, кеча у ўз тарафдорлари билан “Демократия ва Фаровонлик Ҳаракати” номли ташкилот тузди, табиий ўзи раис бўлди ва орзусига етди.

Ибтидоий жамиятларга хос бўлган нарса бу, ҳар ким бирон жойга раис, раҳбар бўлиш орзуси билан яшайди ва бу орзуси йўлида миллат ва мамлакат манфаатлари деган нарсани мутлақо эсдан чиқаради, дейди “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Мен ўз қаршилигимга қарамасдан зўрлаб партия раиси қилиб қўйилган мусулмон дунёсидаги ягона лидер бўлсам керак.

Мана, Озорбайжонда 10 тача бир-биридан ҳеч фарқи бўлмаган демократик партия бор. Уларнинг ҳаммасини лидерларини шахсан танийман. Уларнинг лидерларига ҳамма президент сайловларида иштирок этиш ҳуқуқи берилади ва уларнинг ҳар бири 3-4 фоиздан овоз олади ва кейинги сайловларгача сайловларнинг сохтакорлик билан ўтказилганини гапириш билан вақт ўтказади. Улар бирлашиб, ягона номзод кўрсатсалар эди, сайловни ютолмаслар ҳам, камида 40 фоиз атрофида овоз олардилар. 40 фоиз овоз олган лидер билан ҳар қандай диктатор ҳам ҳисоблашишга мажбур бўларди.

Мен озорбайжонлик танишларимга бир неча марта айтдим, ҳаммангиз аввал Ҳайдар Алиев, энди Илҳом Алиевнинг фойдасига ишлаяпсиз. Биттагина йўлингиз бор. Демократия доирасида бирлаша олмаяпсизми, мухолифат ичида ички уруш очинг, ким ютиб чиқса, ўша лидер бўлади. Биз Ўзбекистонда айнан шундай қилмоқдамиз, мен шахсан ўзим ҳеч бир янги ғоясиз ташкилотчалар тузиб олган сохта лидерларни демократик йўллар билан, шок терапияси усуллари ишлатиб, йўқ қилмоқдаман. Русларнинг “ақлли одам бошқаларнинг хатоларидан, аҳмоқ ўз хатоларидан дарс олади” деган мақоллари бор. Мен сизларнинг хатоларингиздан дарс олиб, сизларнинг хатоларингиз бизда қайтарилишига йўл бермаяпман. Кучи бор, ақли бор, янги фикр ва ғоялари бор одам ўртага чиқсин, мени демократик йўллар билан четлатсин, бахтли бўламан.

Ўзбекистонда Ислом Карим диктатурасининг ўрнатилиб олишида “Бирлик”ни парчалаганлар ҳал қилувчи роль ўйнаганлар. Диктатура ҳали ҳам оёқда туришига эса, халқимизнинг ўзи айбдор. Фараз қилайлик, халқ мени ўз лидери сифатида кўришни истамаяпти, лекин бу халқ ўз миллатдошлари Қирғизистонда қирғин қилинганда ҳам ҳамма тешикларини қисиб ўтирдику. Ҳозир бу халқ кечагина отдан тушган қозоқларнинг мардикорлар подасига айланиб бораётгани билан ҳам иши йўқку.

Қани энди, Ислом Карим Ҳайдар ва Илҳом Алиевлар каби ҳамма мухолифатчиларга, хусусан, менга сайловларда иштирок этишга йўл берса эди, биринчи сайловдаёқ ғалаба қозонардим. Ислом Карим буни билади, шу сабабли, ҳатто Тошкент шаҳар кенгаши сайловларига “для спортивного интереса” деб қатнашиб кўрмоқчи бўлганимда, шунга ҳам йўл бермаган. 25 йилдан бери мухолифатнинг лидериман, Ўзбекистон ахборот воситаларидан бирон марта исмим ҳам тилга олинмади.

Ишимиз оғир. Аммо, улуғ Навоий айтганидек:

Осон эрмас бу майдон узра турмоқ,
Бу подани қайтадан миллат қилмоқ.

Аммо, қиламиз. Ҳатто, Озорбайжондан олдин қиламиз. Чунки, мен уларнинг хатоларидан ҳам ўрганаяпман, улар ўз хатоларидан ҳам дарс ололмайдилар.