
Эслатиб ўтиш керакки, “Мусават” номли партияни 1911 йили Эмин Расулзода ва унинг сафдошлари тузган эдилар. Бу партия 1917-1918 йиллари миллий-демократик ҳаракатга бошчилик қилди, Озорбайжон Халқ Республикаси яратилишида ҳал қилувчи роль ўйнади. Аммо, бу Республика 1920 йили Россия тарафидан босиб олинди, кейин Озорбайжон СССР таркибига киритилди. Ўша вақтдан СССР йиқилгунча, “Мусават” Партияси номига бўлса ҳам, Туркияда фаолият олиб борди. 1992 йили Бокуда уни қайтдан тикладилар. Ўша пайтдан бери унинг раиси Иса Қамбарли эди.
Партиянинг бугунги қурултойида Иса Қамбари ҳисобот доклад қилди ва ўз мамлакатида ўрнатилган авторитар режимнинг кирдикорларини очиб берди. Бундай шароитда ҳақиқий партиялар ҳокимиятга келиши мумкин эмаслигини айтиб, “Мусават” шу оғир шароитда нима қилиш мумкин бўлса, шуни қилганини урғулади. У халқаро ҳамжамият Озорбайжон ва Арманистондаги каби авторитар режимларга ҳеч қандай таъсир кўрсатолмаётганини ҳам афсуслар билан эслаб ўтди.
Иса Қамбар ўзи тарафидан аввалдан билдирилганидек, Қурултойда истеъфога чиққанини эълон қилди.
Янги раисликка 4 киши номзодлигини аввалдан эълон қилган эди. Улардан бири ўз номзодини қайтариб олди. Яширин овоз билан ўтказилган сайловда, Қурултойда қатнашаётган 450 делегатдан 228 нафари Ориф Гажилига, 200 нафари Губад Ибодўғлига, 19 нафари Турол Аббаслига овоз бергани маълум бўлди.
Шундай қилиб, “Мусават” Партиясининг янги раиси Ориф Гажили бўлди (расмда).
Маълумки, Озорбайжонда ҳамма мухолифат партиялари расман рўйхатга олинган ва улар каттагина кучга эга. Аммо, улар кўпроқ ман-манлик касаллигидан келиб чиқувчи ички низолар билан машғул бўлгани туфайли, Илҳом Алиев режимига қарши жиддий иш қилишолмаяпти. Мухолифатнинг энг кучли қанотларидан бири бўлган “Мусават” Партиясида раис янгиланиши мухолифат ичидаги вазиятни ўзгартирадими?
Ҳозирча бу саволга жавоб йўқ. Воқеаларни кузатиб боришимиз керак, холос.