АҚШ Иммиграция ва божхона идорасининг расмий сайти Ўзбекистон фуқаролари Санжар Агзамов, Нодир Юнусов ва Рустамжон Шукуровларга нисбатан одам савдоси жинояти бўйича қидирув эълон қилинганини маълум қилди. Хабарга кўра, 2015 йилда идоранинг Канзас-сити бўлими Giant Labor Solutions (GLS) ширкатига қарши мажбурий меҳнат факти юзасидан иш қўзғатиб, суриштирув ҳаракатларини бошлайди. Тергов ҳаракатларига Федерал Тергов Бюроси, Меҳнат вазирлиги, Ички даромад хизмати, Канзас даромад департаменти ва АҚШ фуқаролик ва иммиграция хизматлари жалб қилинади.
2009 йилда мазкур фирмага нисбатан одам савдоси бўйича жиноий иш очилиб, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва хорижий меҳнат шартномалари бўйича фирибгарлик айблови қўйилганди. Ўшанда асосий гумондор Аброрхўжа Асқархўжаев 2009 йилда Нью-Йоркнинг Бруклинида қўлга олиниб, у бошлиқ гуруҳ томонидан сотиб юборилган 40 нафардан ортиқ одам қутқарилди. Қурбонларнинг таркиби ҳақида маълумот берилмаган бўлса-да, уларнинг Ўзбекистон фуқаролари эканлигига шубҳа йўқ, дейди мухбиримиз.
Жиноий гурҳ аъзолари, юқорида номи тилга олинган Санжар Агзамов, Нодир Юнусов ва Рустамжон Шукуров эса, ўз вақтида АҚШдан чиқиб қолишган. 2010 йилда ушбу гуруҳга нисбатан одам савдоси орқали мажбурий меҳнатга жалб қилганликда 59 та банд, хорижий меҳнат шартномалари билан фирибгарлик қилганликда 20 та банд бўйича айбланув хулосаси тайёрланган. АҚШ Иммиграция ва божхона идораси жамоатчиликдан бу шахслар борасида маълумот беришларини сўраган.
Айтиш керакки, миллионлаб ўзбеклар чел элларда ишлаш учун кетишга мажбур бўлаётган пайтда, Канзасда каби воқеалар ҳар бир ерда бўлиши мумкин. “Ҳаракат” Агентлиги бу масала бўйича ўша 2009 йилдаёқ ўз таҳлилини бериганди. У билан бу хабарнинг остида берилаётган линк орқали танишишингиз мумкин.