АҚШ Адлия вазирлиги тарқатган маълумотга кўра¸ вазирлик қошидаги Фуқаролик ҳуқуқлари бўлими прокурори ëрдамчиси Лоретта Кинг ва Миссури районининг муваққат прокурори Матт Витворс саккиз Ўзбекистон фуқаросига 45 пунктдан иборат айблов эълон қилган.
Бу айблар орасида одам савдоси¸ босқинчилик¸ иммиграция қонунларини қўпол равишда бузиш каби айблар бор.
Канзас штатининг Мишшин шаҳрида яшаб келган 30 яшар Аброрхўжа Асқархўжаев¸ 22 яшар Нодир Юнусов¸21 яшар Рустамжон Шукуров¸ Канзас шаҳрида яшовчи 44 яшар Илҳом Фозилов¸ 27 яшар Нодирбек Абдуллаев¸ Панама шаҳрида яшовчи 49 яшар Абдуқаҳҳор Азизхўжаев ва яқинда АҚШни тарк этган 27 яшар Санжар Аъзамов ва 29 яшар Жаҳонгир Қаҳҳоровлар бир молдовалик ва уч маҳаллий шериклари билан одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ ташкил этган.
Канзас штатининг Мишшион шаҳрида рўйхатга ўтган¸ Асқархўжаев таъсисчиси ва хўжайини бўлган Giant Labor Solutions LLC ҳамда Crystal Management Inc ширкатлари, шунингдек Канзаснинг Овелэнд Парк шаҳрида жойлашган Five Star Cleaning LLC ширкатининг 10 ходими мазкур айбловлар асосида қамоққа олинган ва дастлабки судга тортилган.
Прокурорлар ҳозирлаган айбловга кўра¸ уч ширкатни бирлаштирган мазкур жиноий гуруҳга Аброрхўжа Асқархўжаев асос солган ва 2001 йилдан бери бу учала ширкат асосан одам савдоси билан боғлиқ жиноий фаолият юргизиб келган.
Босқинчилик ва рэкет деб баҳоланган бу фаолиятлар орасида ноқонуний меҳнат муҳожирларини АҚШ ҳудудига олиб кириш¸ бировларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаш¸ ноқонуний муҳожирларни бекитиш¸ мактуб ва ҳужжатларни сохталаштириш¸ пул ювиш¸ қалбаки виза ҳозирлаш¸ таъмагирлик каби жиноятлар бор.
Айбловда айтилишича¸ Азизхўжаевга қарашли бўлган Giant Labor Solutions LLC АҚШ нин 14 штатидаги меҳмонхоналар¸ казино ва қурилиш ширкатлари билан алдов асосида тузилган келишувларга кўра¸ жиноий гуруҳ бу ширкатларни ишчи кучи билан таъминлаш мажбуриятини олган. Шу мақсадда улар хориждан, хусусан Ўзбекистондан ноқонуний муҳожирларни АҚШ га олиб келганлар ва уларни меҳмонхона ва хусусий уйларни тозалаш¸ бола боқиш ва энагалик ишларига жойлаганлар.
АҚШ ҳудудига ноқонуний равишда кирган ëхуд иш визаси бўлмаган ҳолда ишлаган бу хорижликлар¸ Азизхўжаев ва унинг шериклари назоратида бўлган уйларга жойлаштирилган ва доимий кузатиб турилган.
Прокурорлар айбловига кўра¸ хорижликлар¸ хусусан Ўзбекистондан олиб келинган меҳнат муҳожирларидан ишга жойлаш эвазига ҳар ой хизмат ҳаққи талаб қилиб келган жиноий гуруҳ¸ бунга норозилик билдирганларга жисмоний жазо билан таҳдид қилган ва уларни АҚШ визасидан мосуво қилиш билан қўрқитган.
Эндиликда олтитаси ҳозирда АҚШ қамоғида сақланаëтган иккитаси эса¸ хориж¸ эҳтимол Ўзбекистонда экани тахмин қилинаëтган Ўзбекистон фуқароларига қўйилаëтган 45 пунктлик оғир айбловлар юзасидан Канзас суди ҳукм чиқаради. // “Озодлик” радиоси
“Ҳаракат”ниннг шарҳи“: Ҳукуматнинг расмий эълон қилинган маълумотларида ҳам эътироф қилинганидек, АҚШда миллионлаб ноқонуний эмигрантлар бор, улар асосан Мекиска ва бошқа Лотин Америкаси мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари, ўзбекчасига айтсак, мардикорлар. Уларни АҚШга олиб келиш, уларни иш билан таъминлаш, бунинг эвазига улардан пул тўплаш билан машғул бўлган ўнлаб-юзлаб расмий ёки ярим расмий ширкатлар бор. АҚШ ҳукумати бу воқеликни билади, у билан шуғулланади. Лекин, аҳолининг кўпчилиги бу каби воқеалар билан ортиқча қизиқмайди, чунки, бу йўналишда иш олиб бораётган адлия системаси кеаркли ишларни қилишига ишонади.
“Озодлик” радиосида тарқатилган маълумот ўзбеклар учун жуда қизиқарли, шу сабабли радио ходмиларини табриклаш мумкин. Лекин, улар қандай қилиб бу иш юзасидан маълумот олдилар, деган савол туғилиши табиий. Жавоб эса битта – АҚШ расмийлари бу хабарни радио орқали тарқатиш кераклигини тушунишган ва буни қилишган. Радио АҚШники, демак, бу масалада радио хизматчиларига бир нарса дейиш қийин.
Лекин бошқа савол туғилади: Миллионлаб лотин-америкалик меҳнат муҳожирлари АҚШда ишлаб юришган экан, АҚШ ҳукумати нима учун сони бир неча мингдан ошмайдиган ўзбек мардикорлари билан алоҳида қизиқиб қолди?
Бу саволга биз жавоб беролмаймиз. “Озолдик” радиосидагилар бу каби саволларга ақли етмаслиги ҳам маълум. Агар “Бирлик” Партияси аллақачон таклиф қилганидек, Ўзбекистон ҳукумати чет элда яшаб-ишлаётган ўзбекларнинг масалалари билан шуғулланувчи вазирлик тузса эди, шу каби саволларга жавоб қидирарди. Бундан ҳам муҳими, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам берган бўларди.
Ўзбекистон давлат сифатида бу масала билан шуғулланмаса, ҳозир АҚШда судланадиганлар каби одамлар чиқаверади. Бошқа иложи йўқ. Айнан шу сабабли, Giant Labor Solutions LLC каби ширкатларнинг иши бугун ўзбеклар учун керакли эканлигини, у қилган ишни одам савдоси деб баҳолаш хатолигини тан олишдан бошқа йўл йўқ.