
Шу йил 19 ва 20 апрелдаги хабарларимизда озорбайжонлик журналист, рус ва озорбайжон тилларида чиқадиган Зеркало/Айна газетасининг 3 йилдан бери оиласи билан Туркияда яшаб келаётган мухбири Рауф Миркадиров Туркиядан Бокуга экстрадиция қилингани ва Бокуга келтирилиши биланоқ хафсизлик хизматлари тарафидан ушлаб кетилганини билдирган эдик. Ўша хабардан маълумки, унга Арманистонга жосуслик қилиш айби билан жиноий иш очилгани тахмин қилинган эди. Кейинчалик айнан шундай бўлиб чиқди.
Ўшанда Озорбайжоннинг Тинчлик ва Демократия Институти дарҳол баёнот эълон қилиб, Рауф Миркадиров шу институт тарафидан арманиларнинг ноҳукумат ташкилотларини ҳам иштирокида олиб борилаётган бир қатор лойиҳаларига қўшилгани, шу лойиҳалар доирасида Арманистонда ҳам бўлганини билдирганди. Бир маҳаллар Озорбайжон Халқ Фронтининг Бош котиби вазифасини ҳам бажарган, ҳозир эса Тинчлик ва Демократия Институтининг директори бўлган Лейла Юнусга кўра, арманиларнинг ноҳукумат ташкилотлари билан “халқ дипломатияси” лойиҳалари доирасида ишлаётган одамни миллатга хиёнат ёки жосуслик билан айблаш Озорбайжон фуқаролик жамияти фаолларининг Арманистонга бориш йўлларини бекитишга интилиш эди.
Ўтган 3 ой ичида халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар, бир қатор Ғарб мамлакатларининг Бокудаги элчиликлари Рауф Миркадировни озод қилишни талаб қилишди. Озорбайжон режими бу чақириқларга қулоқ солмади, аксинча, Тинчлик ва Демократия Институти фаолларини ҳам бу жиноий ишга тортиш ҳаракатида бўлди.
Лейла Юнус кеча эрталаб уйидан чиқиб, Озорбайжон демократларининг мажлисига кетаётганда прокуратура ходимлари тарафидан ушлаб кетилди, тезда унинг олдига адвокати билан етиб борган турмуш ўртоғи Ариф Юнус ҳам ушланди. Уларни бир неча соат сўроқ қилишди, сўнгра, Лейла Юнусни тергав ишларини давом эттириш учун суднинг қарори билан 3 ойга ҳибсга олишди, Ориф Юнус яқинда гипертоник кризис кечирганини ҳисобга олиб уйига жўнатишди, аммо унинг ҳар бир қадами полиция назорати остида бўлади.
Лейла ва Ариф Юнусларга гўёки 1992 йилдан бошлаб, айниқса, 2002 йилдан кейин Арманистон махсус хизматларига ҳарбий сир бўлган маълумотлар етказиб бериш ва арманиларнинг разведкасига ишлайдиган агентлар ёллаш айблари қўйилибди.
Лейла Юнус Озорбайжон Халқ Фронтининг асосчиларидан бири, Француз Легиони Орденининг кавалери эканлигини ҳам ҳисобга олсак, президент Илҳом Алиев ақлдан озаётгани шубҳасиз эканлигига ишонамиз.