
Бир маҳаллар Озорбайжон Халқ Фронтининг Бош котиби вазифасини ҳам бажарган, ҳозир эса Тинчлик ва Демократия Институтининг директори бўлган Лейла Юнус 2014 йил 31 июлда, унинг эри Ариф Юнус эса кейинроқ, гўёки 1992 йилдан бошлаб, айниқса, 2002 йилдан кейин, Арманистон махсус хизматларига ҳарбий сир бўлган маълумотлар етказиб бериш ва арманиларнинг разведкасига ишлайдиган агентлар ёллаш айблари билан ҳибсга олингандилар. Аввал уч ойга, кейин бу муддат чўзилди. Шу кунларда Лейла Юнусни яна 5 ой қамоқда қолдириш қарори чиқарилибди. 2015 йил 28 июлгача.
Қаранг, ҳуқуқ ҳимоячиларида Арманистон махсус хизматларини қизиқтирадиган қандай маълумотлар бўлиши мумкин? Мана, орадан 8 ой вақт ўтди, демак, терговнинг қўлида пичоққа илинадиган далиллар йўқки, ҳали ҳам Лейла ва Ариф Юнусларнинг ишини судга бермайдилар.
Шубҳасиз, КГБчи Ҳайдар Алиевнинг ўғли, Озорбайжоннинг ҳозирги Президенти Илҳом Алиев ҳам КГБчи ва КГБчилигида қолмоқда. Унинг озорбайжон халқининг аҳволи билан, Озорбайжон ҳудудларининг, Тоғли Қорабоғдан ташқари, 20 фоизи Арманистон тарафидан босиб олингани билан иши йўқ. У ўзини танқид қилаётганларни турли уйдирма айблар билан овозини бекитишдан бошқа нарсани билмайди.