
Қозоғистоннинг “Йўловчилар Ташиш” компаниясининг матбуот хизмати хабар қилишича, 1 августдан Олмота ва Оқтепа (аввалги номи – Актюбинск) шаҳарлари ўртасида тезкор поездлар юришга бошлади, ҳозирча 4 кунда бир марта.
Катта эътиборга лойиқ бўлмаган бу воқеа хусусида хабар беришимизнинг сабаби – қозоқларнинг ўзи ҳам буни оддий воқеа ҳисоблашаётгани, бундай поезднинг иш бошлаши Нурсултон Назарбойнинг ғалабаси деб унинг олдида тиз чўкишмаётганидир, дейди мухбиримиз.
Ваҳолангки, бир неча йил аввал Тошкент-Самарқанд тезкор поезди ишга тушганда, масхарабоз ахборот воситаларимиз ҳамма ўзбеклар бундай поезд ишга туширилгани учун Ислом Каримнинг оёғини ўпишга тайёрлигини кўрсатишга урингандилар. Фақат “Ҳаракат” Агентлиги мухбирлари “Биз бор йўғи испанлардан тезкор поезд сотиб олаяпмиз, бир маҳаллар чет элдан компютерлар ҳам сотиб олишга бошлагандик. Бизни компютерларга етиштирди деб Ислом Каримни олқишлаймизми? Шунчалик аҳмоқмизми?” дейишгандан кейингина ҳамма жим бўлди.
Шундай бўлса ҳам эътибор бериш керакки, қозоқлар ишга тушираётган тезкор поезд 28 (!!) вагондан иборат, Олмата билан Оқтепа орасидаги масофа эса 2219 км.