Биз тарафимиздан оти бесўнақай деб аталган “Россия Республика Партияси – Халқ Озодлиги Партияси” 2012 йилнинг августида қандай ўйинлар натижасида регистрация қилинганини билиш учун шу хабарнинг тагидаги линк орқали ўша пайтга оид хабаримизни ўқинг.
Ҳозир бу партияда яна бўлиниш бўлди. Россия матбуотидаги хабарларга кўра, бу партиянинг уч раисдоши – Россиянинг собиқ Бош вазири Михаил Касьянов, Давлат Думасининг собиқ раис ўринбосари, собиқ Бош вазир ўринбосари Борис Немцов ва собиқ Россия Республика Партиясининг собиқ раиси Владимир Рижков (расмда) – бир масалада келишолмай қолибдилар.
Сўнги ойларда очиқчасига Владимир Путин билан ўйин қилишга бошлаган кўринаётган Владимир Рижков радикалликдан воз кечиб, сайловларга тайёрланиш билан машғул бўлишни, яъни, мавжуд ҳокимиятга нисбатан қаршилик эмас, альтернативлик қилиш тарафдори, яна ҳам тўғрироғи, ҳокимият билан келишув ва тил бириктиришлар тарафдори бўлиб қолди. Михаил Касьянов ва Борис Несмцов эса Москвада норозилик намойишлари ўтказиш, ҳокимитни алмаштириш, сиёсий ислоҳотлар ўтказиш принципидан воз кечмоқчи эмаслар.
Бу стратегик масалада Михаил Касьянов ва Борис Несмцов билан умумий тил топиш мумкин эмаслигини тушунган Владимир Рижков кеча партия Федерал Сиёсий Кенгашининг мажлиси пайтида партиядан чиқиш аризасини топшириб, мажлисдан чиқиб кетибди. У билан Федерал Сиёсий Кенгашнинг 15 аъзоси ҳам чиқиб кетган. Уларнинг чиқиб кетиши билан партия иккига бўлинадими ёки Владимир Рижков ўз тарафдорлари билан янги партия қурадими, деган саволга ҳали жавоб йўқ.
Хуллас, Россия демократлари ичида яна навбатдаги бўлинишнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Кўринишидан, Владимир Рижков Россия Президенти Владимир Путиндан, унинг одамлари орқали, қандайдир сигнал олган. Гапнинг очиғини айтса, ўзи раисдош бўлган партиянинг орқасига пичоқ урмоқда.