02 January 2013
12:15 - Васила Иноятнинг ўғли Жавоҳир кураш бўйича Тошкент шаҳар чемпиони бўлди
15 ёшли Жавоҳир қоидасиз кураш бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақада қатнашиб, Тошкент шаҳар биринчилигини қўлга киритгани ва олтин медали соҳиби бўлгани бизга эндигина маълум бўлди, дейди мухбиримиз. Аслида, Жавоҳорнинг онаси – Бирлик” Партияси Бош котиби, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят камтаринлик қилиб, бир неча кун аввал бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга гапирмабди.

Маълум бўлишича, аввалги йил мусобақаларида Жавоҳир кумуш медаль қўлга киритган экан, мана энди олтин медаль олиб, мамлакат биринчилиги учун курашиш имконига эга бўлди

"Шаҳар биринчилиги учун мусобақалар телевидениенинг спорт канали орқали кўрсатилган эди, аммо мен уни кўрмаслик учун телевизорни ўчириб қўйдим. Чунки, катта ўғлим Жамшид эркин кураш бўйича мамлакат биринчилигида қатнашиб, кумуш медаль олганда шундай ҳаёжонланганманки, юзимга сув пуркаб тургандим", дейди Васила Иноят.

2 йил аввалги хабарларимиздан маълумки, Жамшид Адлия вазирлиги олдида ўз онасига пичиқ билан ҳужум қилган 74 ёшли қарияни қуролсизлантириш учун ҳаракат қилаётганда қон томирлари кесилган ва нейрохирургик амалиёт қилинганди. Ваҳоланки, у 10 кундан кейин олтин медаль учун рингга тушиши керак эди.

Шундай бўлса ҳам Жамшид спортни тарк этмади. Ҳозир у эркин кураш бўйича ёш спортчиларга тренерлик қилмоқда. Укасини ҳам спортнинг шу турига ўзи олиб кирган, ўзи унга тренерлик қилган. Унинг меҳнати, талабчан ва қаттиққўл устозлиги бекор кетмапти, мана энди Жавоҳир шаҳар чемпиони бўлди ва мамлакат чемпиони бўлиш учун курашади. Табриклаймиз!