11 October 2012
23:03 - Алмазбек Атамбаев Абдураҳим Пўлатдан ўргангани яхши, аммо охиригача ўргансин

Қирғизистон ахборот воситалари мамлакат Президенти Алмазбек Атамбаевнинг бугун Боткент вилояти фаоллари билан учрашувда айтган қуйидаги сўзларини тарқатишди: “Қирғизистонда одамлар 500 сўм, 1 минг сўм, ҳатто ароқ ва бешбармоқ учун сотилишга ўрганиб қолдилар”.

“Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳм Пўлат йиллардан бери айнан шу фикрни айтиб келмоқда. Мана унинг айтган гапларидан бири:

 

“Миллат хоинлари миллатни арзимаган нарсаларга, масалан 53-54 сонли квартираларга сотадилар, кечагина “Қўшил бизнинг сафларга эй, майли кетса жон энди” деб куйлаган ҳофизларимиз миллатнинг сафларини парчалаш йўлига ўтади, натижада, миллатнинг бошига миллат хоинларидан иборат ҳукуматлар келади. Биз эса, нима бўлганини ҳам тушунмай юраверамиз.”

Аммо, қуруқ гап билан, миллатга насиҳат қилиш билан ичимиздан чиққан хоинларни йўқ қилиб бўлмаслигини Абдураҳим Пўлат кабилар аллақачон тушуниб бўлишган. Бунинг исботи – унинг қуйидаги сўзларидадир:

“Шуни унутмайликки, Оллоҳ яратган инсонларнинг етарлича катта қисми ўзининг бир дақиқалик манфаати учун нафақат миллатни ёки умматни, ҳатто Оллоҳни ҳам сотишга тайёр. Уларни у дунёдаги эмас, бу дунёда бериладиган жазо қўрқуви остидагина хоинлик қилиш йўлидан қайтариш мумкин. Бутун маданий дунё мен айтаётган гапларни гапирмасдан, айнан шундай қилиш йўлига аллақачон ўтган. Хоинлик ҳеч қаерда кечирилмайди...

Яна такрорлайман, қайтадан одам бўлиш, қайтадан миллат бўлиш учун биз шок терапияси усулларидан фойдаланишга маҳкуммиз. Шундай қиламиз ҳам. Юқорида номи тилга олинган миллат хоинларининг жазоланмаганидан рағбатланиб, бир неча бир чақа пул ишлаб қолиш ниятида миллатнинг оёғига болта ураётганлар билан очиқча ҳисоблашишдан бошқа йўл йўқ.”

Абдураҳим Пўлатнинг юқоридаги сўзлари унинг шу йил 24 июнда сайтимизда эълон қилинган “Миллат сифатимизни тезроқ тиклаш учун одатда айтилмайдиган ва ёзилмайдиган нарсаларни айтишга ва ёзишга мажбурман” номли мақоласидан олинган. Мақола билан хабар охирида берилган линк орқали танишиш мумкин. Унинг бу мавзуда ёзилга бошқа мақоллари ҳам сайтимизда бор.

Алмазбек Атамбаев ҳам иш насиҳат билан битмаслигини, жамият ичидан чиққан хоинларга қарши кураш механизмлари яратолмагунча, хоинлар орқа пичоқ ураверишларини тушуниши керак.