11 October 2012
22:24 - Ниҳоят Ислом Карим Тошкентдан Бокуга кетди, у ерда ўзбек-озори бизнес-форуми бўлмоқда
ЎзАнинг бироз аввал берган хабари рост бўлса, Ўзбекистон Президенти 11-12 кунлари бўлиши аввалдан айтилган 2 кунлик ташриф билан Бокуга учиб кетган. Бугун кун ўтиб бўлганини ҳисобга олсак, ташриф бир кунлик бўлади.

Бокуда эса, ўзбек-озори бизнес-форуми бўлаётгани ҳақида давлатнинг Trend агентлиги хабар берди. У ерда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розиқулов ва Озорбайжон Иқтисодий тараққиёт вазири Шахин Мустафоев бор. Форумда яна кимлар бор, хусусан, Ўзбекистон тарафидан неча киши борлиги ҳам айтилмайди. Номи келтирилган икки расмийнинг икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги умумий сўзлари келтирилади. Хабардаги ягона расм Шахин Мустафоевнинг портрети. Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистон тарафи ўз йўқлигини кўрсатмаслик учун расм олмасликни талаб қилган.

Аммо, хабарда берилган биттагина аниқ факт эътиборга лойиқ. Икки мамлакат ўртасидаги савдонинг ҳажми 72 млн доллар экан. Дунёнинг тузукроқ бойи таътилга чиққанда сарф этадиган пули ҳам шунча эканлигини ҳисобга олсак, савда муносабатларимиз йўқ ҳисоб. Эртага Ислом Карим 72 миллионни тилга олмасдан, ўзаро савдо ҳажмини 2 баравар орттиришга келишдик деб бонг урса ажаб эмас. Аслида, 144 ҳам ҳеч нарса эмас.

Хуллас, Ислом Карим нимага Озорбайжонга кетаётгани номаълум. Бекорчиликдан бўлиши ҳам мумкин. Бечора бошқа қаерга ҳам борсин?