23 June 2012
00:19 - МТС раҳбарияти Ўзбекистондаги йирик мобиль оператори раҳбарининг қочганини рад қилмоқда
Бу борада ўрисларнинг РИА Новости ахборот агентлиги МТСнинг Москвадаги бош офиси раҳбари Владимир Евтушенковга асосланиб хабар тарқатди. Мобиль оператори хўжайинига кўра, МТС-Ўзбекистон раҳбари Беҳзод Ахмедовнинг қочгани ва Интерпол қилирувига тушгани ҳақидаги хабар жамоатчиликни чалғитиш учун махсус сиздирилган.

Халқаро полиция, яъни Interpolнинг интернетдаги веб саҳифасида 38 яшар Беҳзод Аҳмедовнинг қаллоблик ва пул ювиш амалиëтларига алоқадорлик айби бўйича қидирилаётгани айтилган эди. Бугун бу маълумот сайтдан йўқолиб қолди. Аммо Беҳзоднинг атрофида ўйинларнинг йириклиги, сиздирилаётган-у тасдиқланмаётган ахборотлар атрофида катта ўйинлар бўлаётганига шуҳба йўқ. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон расмийлари ёки Беҳзоднинг яқин қариндошлари бу маълумотларнинг ёлғонлиги борасида бирор нима демаган.

Аксинча, Тошкентдаги мухбирларимизнинг аниқлашича, ўтган куни Беҳзоднинг Ўзбекистон ТВда ишлови отаси Баҳодир Ахмедов ҳамда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясида фаолият олиб борувчи онаси Назира Абдуазизовалар маъмурий буйруқ билан лавозимларидан бўшатилган. Шунингдек, Беҳзоднинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги поликлиникаси Бош шифокори бўлган қайнонасидан ҳам ишдан бўшаш ҳақида ариза олингани ҳақида гаплар бор.