13 January 2011
04:21 - Таҳқирланган ўзбек миллатининг қайтадан оёққа туриши – Қирғизистон ўзбекларининг мавқесини тиклашдан бошланади, Ўш Қирғизистон ўзбекларининг пойтахти бўлади
Бизга қўшни мамлакатда Ўш шаҳрини “Қирғизистоннинг жанубий пойтахти” дейиш одатга кирмоқда. Бу шунчалик стихиялик эмас, пухта ўйлаб, умумий марказдан бошқарилаётган жараён эканлигига шубҳа йўқ.

Айни кунларда, ўтган йили Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалар, тўғрироғи, ўзбекларнинг қирғиз фашистлари тарафидан қирғин қилинишини ўрганиш учун тузилган Қирғизистон ҳукуматига боғлиқ комиссияларнинг хулосалари эълон қилинмоқда. Уларнинг ҳаммаси бир қолипда бичилган – қонли воқеаларнинг сабабчиси ўзбеклар эмиш.

Бу кетишда ўзбекларга янги босимлар бўлиши, яна ўзбекларнинг қони тўкилиши ва ўзбекларни Қирғизистондан зўрлаб сиқиб чиқариш кампанияси бошланиши шубҳасиз. Ҳукумат структураларида, биринчи навбатда, куч ишлатар органларда, ўз вакилларига эга бўлмаган, ўзаро ҳам тузуккина уюшмаган Қирғизистон ўзбеклари ўзларини ҳимоя қилолмасликлари ҳам муқаррар. Ўзбекистондаги ҳукумат эса ўз миллатига сотқинлик қилиб, Қирғизистон ўзбекларини бундан кейин ҳам ҳимоя қилмаслигини очиқча намойиш қилмоқда.

Қирғизистондаги воқеалардан руҳланган кучлар Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва ҳатто Афғонистонда ҳам ўзбеклар диаспорасига турли шаклдаги босимлар ўтказиб, ўзбекларнинг жамиятдаги ролини йўқ қилишга интилишларини кутиш керак.

Ислом Карим раҳнамолигида ўзбеклар Марказий Осиёдаги етакчи мавқеларини йўқотиб бўлдилар, тиз чўктирилдилар. Энди умуман тарихий жараёнларнинг чеккасига отилишни кутадиларми?

Бундай шароитда, ўзбекларнинг келажаги фақат ва фақат миллий-демократик руҳдаги мухолифатнинг келажаги билан боғлиқ бўлиб қолади. Демак, миллий-демократик мухолифат ўз елкасидаги маъсулиятни тушунишиб олиши ва шунга яраша ишлар қилиши керак.

Бу осонликча бўмайди. Аммо, бир нарса аниқ. Таҳқирланган ўзбекларнинг қайтадан оёққа туриши - Қирғизистон ўзбекларининг мавқесини тиклашдан бошланади. Бу жараённинг бошланғич қадами сифатида, энг камида, мухолифат нашрлари Ўш шаҳрининг номини тилга олганда, уни “Қирғизистон ўзбекларининг пойтахти” деб аташлари мақсадга мувофиқ бўларди.