21 November 2011
19:34 - Ислом Карим ташаббуси билан хабарчликда ислоҳот: Ўзбек матбуотида вокзалдаги ҳожатхона сифати пастлигини танқид қилиш мумкин
Президент Ислом Каримнинг учар поездида Самарқандга бориб келган тошкентлик банк ходими “Новости Узбекистана” газетасига кескин интервью берибди. Унинг таъкидича, юртбошининг беҳад ғамхўрлиги натижасида “Афросиёб” номли учар поездга эга бўлган темир йўл тизимида ҳамон муаммолар учрайди. Масалан, банкирга кўра, Самарқанддаги темир йўл вокзалидаги ҳожатхона мутлақо тозалик талабларига жавоб бермайди. Ҳожатхонага кириб чиқаётган фаранг-у, олмон туристлар ўз тилида бир нималар деб, ҳожатхоналаримиз шаънига оғир гаплар қилаётганмиш.

Ислом Каримнинг ўтган йил Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқидан кейинг маҳаллий матбуотга ҳақиқатдан “эркинлик” берилди. Журналистлар энди, ҳеч бўлмаса, ҳожатхоналарнинг ифлослиги, улар пуллик эканини танқид қилолади, дейди мухбиримиз.

Давлат бюджетининг асосий кўрсатгичлари ҳам эълон қилинмайдиган Ўзбекистонда Ислом Карим ҳожатхоналарнинг ифлослигини матбуотда гапиришга рухсат бергани катта ютуқдир. Бўшашманг, Ислом ака!