25 November 2011
15:02 - Жамоат ҳожатхоналарининг ифлослигини Ислом Карим исми билан боғлаш тўғри ва мантиқлидир
21 ноябрдаги хабарларимиздан бирида жамоат ҳожатхоналарнинг ифлослигини танқид остига олиш Ўзбекистон Президенти Ислом Каримнинг ташаббуси ва рухсати билан қилинаётганини истеҳзо билан ёзиб, унинг шахси устидан кулган эдик. Ўқувчиларимздан бири бизга электрон хат йўллаб, президентнинг номини ҳар бир мавзуга тиқиштиравериш бачканалик эканлигини ёзибди.

Аслида, Ўзбекистонда тарқатиладиган расмий хабарларнинг кўпчилигида Ислом Каримнинг номи ҳамманинг жонига тегадиган шаклда тилга олиниши хусусида норозилик билдириш керак эди.

Маълумки, масалан, қозоқларнинг расмий давлат агентлиги Казинформ бир кунда бир неча юз хабар тарқатади. Ўзбекистоннинг расмий давлат агентлиги ЎзА эса, бир кунда бор-йўғи 10-15 дона хабар тарқатиш билан чекланади. Уларнинг кўпчлигида тилга олинган мавзулар Ислом Карим номи билан боғланиши ўта ножиддийлик бўлиб, президент устидан кулишдир.

Кеча, 24 ноябрь куни ЎзА тарқатган хабарларнинг 5 тасида ёритилган воқеалар Президент Ислом Карим раҳнамолигида амалга оширилаётган ишлар сифатида тақдим этилади.

Мана ўша хабарлардан иқтибослар.

1. “Ҳар доим меҳр ва эътибор оғусида” номли хабардан: “Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлод, жумладан, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда.

2. “Конституция ва ёшлар” номли хабардан: “Президентимизнинг 2001 йил 4 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ Асосий қонунимизнинг ҳар бир бўлими, боб ва моддаси мазмун-моҳиятини ёшларга чуқур ўргатиш, кенг тушунтириш юзасидан самаралаи тизим яратилган.”

3. “Иқтидорли қизлар танлови” номли хабардан: “Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Зулфия номидаги Давлат мукофотига ўтказилаётган кўрик-танловнинг Тошкент вилоят босқичи якунланди.”

4. “Янги уй-жойлар эгаларига топширилди” номли хабардан: “Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, яшаш шарт-шароитларини янада яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.”

5. “Банклар – тадбиркорлар кўмакчиси” номли хабардан: “Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани янги иш ўринлари яратиш, ички бозорни рақобатлаштириш ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳоли давромадларини оширишга хизмат қилади.”

Хуллас, кўриниб турибдики, ҳар икки хабарнинг бирида президентнинг исми айнан шундай бачканали ва кулгили шаклда тилга олинади. Бундай хабарни биронта одам ўқимайди ҳам.

Шу нуқтаи назардан қарасак, бизнинг ҳожатхоналар тозалигини Ислом Карим номи билан боғлашимиз Ўзбекистондаги расмий хабрчилик анъаналарига уйғун бўлишдан ташқари, ўша хабаримизни ўта қизиқарли, ҳатто жозибали қилган. Бундай хабарлар тарихга кириши ўз-ўзидан маълум.