12 November 2011
04:25 - Туркияда зилзила бўлган ҳудудларда қор ёғди, қурбонлар сони ҳам ортмоқда
Туркиянинг шарқида, Ван кўли артрофида шу йил 23 октябрда бўлган 7,2 даражали зилзилада ўлганларнинг сони 600 га яқинлашар экан, 9 ноябрь куни кечқурун яна зилзила юз бергани, унинг кучи Рихтер шкаласи бўйича 5,6 бўлганини аввалги хабарларимзда билдирган эдик.

Ўша ерларда қор ёғиб, чодирларда яшаётганлар учун янги муаммолар чиқаётгани маълум бўлмоқда. Болалар совуқда навбатда туриб, Қизил Ой жамияти тарқатган иссиқ овқатларни олишаётгани, кечаси сув яхлаётгани, яқин кунларда кун яна ҳам совиши айтилмоқда. Табиий, давлат уларга керакли ҳамма ёрдамни уюштирмоқда, тирик қолганлар бироз қийин бўлса ҳам бу кунлардан соғ-саломат ўтиб олишади.

Аммо, иккинчи зилзила оқибатида 20 га яқин одамнинг ўлгани билан бир қаторда, ҳаробалар остида ҳали ҳам тириклар борлиги, улар қўл телефонлари орқали мессежлар жўнатиб, ёрдам сўраётганлари юракларни эзади. Бунинг устига, аввалги зилзиладан кейин яхши текширмасдан баъзи уй ва меҳмонхоналардан фойдаланавериш учун рухсат берилгани ҳам маълум бўлмоқда.

Айнан шундай меҳмонхоналардан бирида қурбонлар кўп бўлган. Бош вазир Ражаб Эрдўғон бу масалага ойдинлик киритилиши, хато қилганлар жазоланишини айтмоқда. Аммо, ўлганларни тирилтириб бўлмайди.