27 October 2011
04:19 - МИРЗО УЛУҒБЕКДА ТУҒИЛИШ ПЛАНИ ТЎЛДИ! ("Эзгулик" жамиятининг пресс-релизи, №40, 25.10.2011)
Қабиҳликлар баландпарвоз шиорлар остида амалга оширилади. - Бальзак

Мирзо Улуғбек тумани 5-оилавий поликлиника Бош шифокори, "Оила ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирларни бажариш Штаби” етакчиси Озода Ибрагимова 5 ойлик хомиласи билан рўйхатга олишни сўраб келган аёлга шундай деди: “Мирзо Улуғбек туманида яшашингиз мени кизиктирмайди. Туманимизда туғилиш плани тўлди. Бизда туғруқни кўпайтирманг ва туғилган бола учун бошқа туман ФҲДЁ бўлимларидан туғилган чақалоққа гувоҳнома олинг, хоҳласангиз бошқа туманда туғинг!”.

Тошкент шахридаги Олмазор туман 52 сонли поликниникаси эса турмушга чиққан аёлларни шу туман рўйхатида туришига қарамай кўрикка қабул қилмаслигини хатто ёзма тарзда ҳам баён этишяпти. Афсуски, Шўро даврининг туғилишни планлаштириш деган қаттол сиёсатини эслатувчи бу ҳолнинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан зимдан назорат қилинаётганига далиллар бор.

Маълум бўлишича, ҳозирда аёлларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишни кучайтириш¸ соғлом ҳаëт тарзини шакллантириш ислоҳотлари баробарида туғруқни чеклаш, аёлларга яширин, айрим ҳолларда мажбурий контрацепция воситалари ҳамда махсус спираллар қўйиш амалиёти бормоқда. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган бир неча ўнлаб фуқаролар, ҳатто тиббиёт ходимлари бу ҳолнинг зимдан, мунтазам олиб борилаётганини таъкидламоқда. Ўзи билмаган ҳолда бачадонидан маҳрум булиш окибатида турли онкологик касага чалинган ва тиббиёт ходимларининг спирал борасидаги қистовларидан юрак олдирган аёллар сони ортмоқда. Аввалари фарзандини дунёга келтирган аёлларга 40 кундан кейин спирал қўйиш айтиларди, ҳозирда эса аёлларнинг соғлиғи бунга буткул зид бўлсада, кўзи ёригандан кейин 3-кун мажбурий тарзда, баъзан огохлантирмай ҳам спирал қўйишади.

Бундан ташқари вилоятнинг кўпгина касалхоналарида аёллар соғлиғига доир важлар билан мурожаат этса, врачларнинг бирон даъво чорасини кўришга ҳам уринмай, бачадонни зудлик билан олиб ташлаш кераклигига йўланма бермоқдилар.

Жойлардаги тиббий муассаса ходимлари бу борада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қандайдир 1096-сонли буйруғи мавжудлиги, аёллар саломатлигини “мустаҳкамлашга” қаратилган буйруққа туғилишни камайтириш талаблари тиркалганини таъкидламоқда. барча вилоятларда маҳалла поликниника ҳамширалари уйма-уй юриб хонадонда нечта аёлар борлиги ва улар ҳомиладан қандай сақланаётганликлари, акс холда, мажбурий поликниникага бориб мос контрепцатив йўлини танлашлари кераклигини уқтириб юрибдилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти тез фурсатларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу жараён борасида жавоб кутади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини мазкур масалада фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминашга чақиради.