24 October 2011
20:46 - Ўзбекистонда тарқатилмаган ва Давлат Департаментининг дайжестида тилга олинмаган хабар: Ҳиллари Клинтон Тошкентда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашган (Тўлатилган версия)
Кеча АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Тошкентда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашибди. Вашингтон расмийлари анъанасига хос анжуманда икки ҳуқуқ ҳимоячиси - Бухородан Шуҳрат Ғаниев, Фарғонадан Абсалом Эргашев ҳамда “Истиқболли авлод” ноҳукумат ташкилотининг Жиззахдаги вакиласи (расмда чапдан иккинчи), “Тадбиркор аёл” уюшмаси ходимаси (ўнгдан иккинчи) иштирок этишган.

Мухбирларимиз воқеа тафсилотларини ёритиш учун на элчихона маъмуриятидан, на ноҳукумат ташкилотлари вакилларидан розилик олишолмади.

Учрашувга таклиф қилинганлар АҚШ элчихонаси тарафидан Ўзбекистон расмийларининг рухсати билан танланганига шубҳа йўқ, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. Айниқса икки ҳуқуқ ҳимоячиси асосан Ислом Каримнинг сиёсатини мақташ билан овора бўлган бўлсалар ажаб эмас. Аксинча, демократларга ярашадиган иш қилиб, учрашувни бутун тафсилотлари билан ҳаммаёққа эълон қилишарди.

Унутмаслик керакки, Ҳиллари Клинтон билан учрашган Шуҳрат Ғаниевнинг навбатдаги “тадқиқоти”га кўра, ўзбекларнинг кўпчилиги ҳуқуқ ҳимоячилари билан коррупциялашган давлат амаладорлари ўртасида фарқ йўқ, деб ҳисоблашар экан. Бундан бир неча йил аввал, айнан шу Шуҳрат Ғаниев ҳуқуқ ҳимоячилигидаги катта ўғри Суҳроб Исмоилов билан биргаликда Татаристон ҳуқуқ ҳимоячилари эълон қилган бир ҳисоботни, Татаристон сўзларини Ўзбекистонга ўзгартириб, ўз номларидан тарқатишган эди. Кеча Центразия сайтидага бир мақолада айтилишича, Шуҳрат Ғаниев сўровнома ўтказиб, ўзбекларнинг кўпчилиги ҳуқуқ ҳимоячилари билан давлатнинг коруппциялашган амалдорлари ўртасида фарқ йўқ, деб ҳисоблашар экан. Бундай баҳо, биринчи навбатда, Шуҳрат Ғаниев ва Суҳроб Исмоилов кабиларга оиддир.

Хуллас, АҚШлик меҳмон Ўзбекистонда ҳақиқий демократлар билан учрашмаган, деб ҳисоблаш мумкин. Айни замонда икки кун аввал, Клинтоннинг Ўзбекистонда фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашув ўтказмаслиги ҳақидаги хабарга берган таҳлилимизни қайтариш фойдали бўлади:

“Нима бўлганда ҳам, Ўзбекистонда Клинтоннинг фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашуви ўтказилмаганини фожеа сифатида қабул қилмаслик керак. Ўзбекистонда фуқаролар жамияти вакиллари кучли мавқега эга, Ислом Карим улардан қўрқади, айнан шу сабабдан, Ҳиллари Клинтоннинг улар билан учрашувига йўл қўйилмаган. Америкаликлар буни жуда яхши тушунадилар ва энди уларнингҳақиқий ўзбек демократларига ҳурмати янада ортади.”

Дарвоқе, эътиборингизга ҳавола этилаётган сурат АҚШ элчилиги томонидан тақдим қилинган.