30 September 2011
20:20 - ЕХҲТ мажлисида Васила Иноят Ўзбекистон ҳукуматига: “Эзгулик”дан душман образини қидиришни тўхтатинг”
Техник сабаблар туфайли кечикиб олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси, “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят ЕХҲТнинг Варшавада ўтаётган анъанавий саммитида яна икки бор чиқиш қилди. Забардаст ҳуқуқ ҳимоячиси қийноқлар ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мавзуидаги чиқишларида қийноқларнинг систематик авж олаётгани, судларнинг эса тобеликлдан қутула олмаётганини қатор мисоллар билан тилга олди.

“Инсон ҳуқуқлари вазиятининг ёмонлиги хусусида кўп гапирмоқдамиз. Лекин, афсуски, ҳамкасбларимизнинг сиёсий ҳуқуқларни бузмаслик талаби борасидаги чиқишлари суст. Биз сиёсий мухолифатни расмий сиёсий майдонга чиқишига ва ҳатто иқтидорга келишига ёрдам бериш учун аввало мухолифатдаги партиялар аъзоларининг, яъни фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз керак. Мана 8 йилдан бери “Бирлик”чиларнинг бир неча минг имзолари Адлия вазирлигида турибди. Ҳалигача партия рўйхатдан ўтказилмаяпти. Партия аъзоларининг, яъни, партия аъзоси бўлган инсонларнинг мурожаатларга на тайинли бир жавоб бор, на бир амалий иш бор. Мухолифат рўйхатга олинмас экан, сиёсий майдонда расман фаолият олиб боролмас экан, инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли эканича қолаверади” деди Васила Иноят. Нотиқ ЕХҲТ сингари ўзига хос мавқега эга тузилмаларни Ўзбекистон сиёсий муҳитида ўзгаришлар ясаш учун конструктив мулоқотга чорлади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бошқа бир чиқишида эса болалар меҳнатининг аянчли манзараларига тўхталиб, ўтган йили экспулатация натижасида қурбон бўлган наманганлик болакайнинг тақдирига йиғилганларнинг эътиборини қаратди.