23 September 2011
21:15 - Ўзбеклар ҳавас қилса бўладиган ошкоралик Тожикистонда
Шу йил 17 сентябрдаги хабарларимиздан бирида Тожикистоннинг Мачи тумани расмийси бу туманда ўзбек мактаблари оммавий шаклда ёпилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этувчи расмий баёнот тарқатгани, бу баёнот сайтимизга ҳам келганини эълон қилгандик.

Бугун Конибодом шаҳар ҳокимлигии Азия-Плюс агентлигининг бу шаҳарнинг мактаб болалари оммавий шаклда пахта теримига жалб қилинаётгани ҳақидаги хабарига раддия эълон қилибди. Раддияда айтилишича, мактаб ўқувчилари оммавий равишда, бунинг устига, мажбуран пахта теримига жалб қилинмаган. Аммо, дейилади, Конибодом ҳокимлигининг расмий хатида, қишлоқлардаги мактаб ўқувчилари ўқишдан кейин ва дам олиш кунлари ўз ота-наларига пахта теришда ёрдам бермоқдалар.

Иккала раддияда ҳам “оммавий” сўзига эъьтбор беринг. Хабарларда ўзбек мактаблари оммавий шкалда ёпилаётгани, болалар пахта теримига оммавий шаклда жалб этилаётгани айтилган. Конибодом расмийлари оммавийликни рад этиб, қишлоқдаги болаларнинг баъзилари пахта теримига жалб этилаётганини тан олган. Балки, ўзбек мактаблари хусусида ҳам аҳвол шундайдир. Ўзбек мактаблари оммавий шаклда бўлмаса ҳам, баъзилари ёпилаётгандир?

“Бирлик” Партияси фаоллари бу масалани жиддийроқ ўрганиш ниятида эканликлари олқишга сазовордир.

Айни замонда, шуни ҳам тан олиш керакки, тожик расмийлари, ўзбекистондаги касбдошларридан фарқли ўлароқ, оммавий ахборот воситаларидаги танқидларни эътиборсиз қолдирмаликка ҳаракат қилмоқдалар. Бу ҳам олқишга сазовор. Ўзбекистон расмийлари ҳам тожиклардан ўрганишса яхши бўларди.